Истанбулнинг қалби – Айя Софиянинг тақдири Эрдўғаннинг кафтлари орасида қолмоқда
Олам
−
02 Июль 2020
10914Аввалроқ, Туркиядани энг қадимий черковлардан бири Авлиё София масжидга айлантирилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 2 июль куни Туркия Олий суди Авлиё София ибодатхонасининг мақоми Президент фармони билан ўзгартирилиши мумкинлиги тўғрисида қарор қабул қилди.
Таъкидланишича, мамлакатнинг биринчи Президенти Мустафо Камол Отатуркнинг 1934 йилда қабул қилинган Авлиё София ибодатхонасининг мақоми тўғрисидаги фармойиши қонуний ҳисобланади, аммо амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған уни ўзгартириш ҳуқуқига эга.
Авлиё София яна масжидга айлантирилса, у ерда 15 июль – Туркияда давлат тўнтариши ўтказишга бўлган уринишнинг тўрт йиллиги муносабати билан намоз ўқилиши тахмин қилиняпти. Бу ўз навбатида якуний қарор қабул қилишга ўз таъсирини ўтказиши мумкин.
АҚШ бунга қарши
Ўз навбатида, АҚШ бу масалада Туркияга босим ўтказяпти. Хусусан, АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Туркия ҳукуматини Авлиё Софиянинг ҳозирги мақомида қолдиришга чақирган.
Туркия эса бунга жавобан Авлия София ибодатхонаси мамлакат мулки ҳисобланиши ва унинг мақомини белгилаш давлатнинг ички иши эканини эслатиб қўйди.
Бундан ташқари, Константинополь патриархлиги епископи патриарх Варфоломей бу Авлиё Софиянинг масжидга айлантирилиши миллионлаб христианларнинг Ислом динига қарши бўлиб қолишига сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Айя София тортишувлари ортида нима бор?
Айя София ибодатхонаси аслида Византия императори Константин иккинчи тарафидан 360 йилда бунёд этилган. У ёғочдан қурилган бўлгани учун 404 йилга келиб ёниб кетган. Ўша йили ибодатхона биринчи бор таъмирланган. Ибодатхонанинг ҳозирги биноси эса Византия императори Юстинян биринчининг буйруғига кўра, 532-537 йилларда барпо этилган.
Ибодатхонанинг қурилиши 5 йилу 10 ой давом этган. Унда 10 мингдан ортиқ қурувчи меҳнат қилган. Ибодатхона тарихчилар томонидан ўша даврнинг энг катта биноси сифатида қайд этилган.
1204 йилгача у кўплаб зилзилалар ва ёнғинларни бошдан кечирган ва таъмирланган. Ўша йили салибчиларнинг қўлига ўтган ибодатхона 1261 йилгача Рим католик черковига айлантирилди. 1261 йилда византияликлар Истанбулга эгаликни қайтариб олгач, Айя Софиядан яна православ черкови сифатида фойдаланилди.
1453 йил 29 майда Усмонли империяси султони Фотиҳ Султон Меҳмет Истанбулни эгаллаб олганда, Айя София яраланган Византия аскарлари, аёллар ва болалар учун бошпана бўлган.
1453 йил 1 июнда Истанбулда биринчи жума намозини ўқиган Фотиҳ Султон Меҳмет, Айя София Усмонли ҳукмронлиги остида масжид бўлиб хизмат қилишини эълон қилди. Меҳроб ва минбар қурилди, қўнғироқ ва хоч олиб ташланди. Девордаги суратлар беркитилди.
1616 йилга келиб, Айя Софиянинг қаршисида Султон Аҳмад масжиди барпо этилгунга қадар ушбу масжид мамлакатдаги энг каттаси саналар эди.
1739 йилда Айя Софияга ёндош мадраса, кутубхона ва ошхона бинолари қурилди. 1847-1849 йиллардаги таъмирлаш ишлари сабаб ёпилган Айя София охирги бор масжид сифатида 1849 йилда очилди.
Масжиднинг музейга айланиши
1923 йилга келиб Туркия ўзини Республика деб эълон қилди. 1931 йилга келиб, Айя София ёпилди.
1931 йилда Америка Византия институти асосчиси, археолог Томас Уиттимор Туркиядан Айя Софиядаги мозайка-суратларни тиклашни талаб қилаб қилади. Ўша вақтда Президент Мустафо Камол Отатурк мозайкаларни тиклашга оид рухсати билан бошланган ишлар 15 йил давом этди ва 1947 йилда якунланди.
Иш бошланганидан бироз вақт ўтгач, 1934 йил 2 ноябрь куни Вазирлар Кенгаши Айя Софияни музей сифатида очишга қарор қилди. Шундай қилиб Айя София 1935 йил 1 февралдан эътиборан музей сифатида иш бошлади. 1996 йилда у дунё маданий мерослари рўйхатига киритилди.
1997 йилдан 2002 йилгача унинг гумбази ва минораларида таъмирлаш ишлари олиб борилган. Бинонинг турли қисмларида ҳамон таъмирлаш ва тиклаш ишлари давом этмоқда.
Айя София Туркиянинг энг кўп одам ташриф буюрувчи зиёратгоҳларидан бири саналади. Уни 2015 йилда 3 миллион 425 минг, 2017 йилда эса 1 миллион 892 минг киши зиёрат қилган.
Иш бошида Эрдўған
Аслида Айя Софияни масжид ўлароқ фойдаланилиши устидан баҳс-мунозаралар доимий равишда бўлиб келган. Бироқ, мунозара 2019 йилда Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ТРТ телеканалига берган интервьюсидан кейин янада жонланди. Ўшанда Эрдўғанга “ушбу музейга киришни Туркия фуқаролари учун бепул қилиш мумкинми?”, деган савол билан мурожаат қилинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь