Дунёнинг энг тарихий черкови яна масжидга айланиши мумкин
Олам
−
30 Июнь 2020
13920Туркиянинг Истанбул шаҳри марказида жойлашган қадимий Айя София (Авлиё София) ибодатхонаси масжид ўлароқ фойдаланишга топширилиши мумкин. Айни масала ҳақидаги баҳс-мунозора мамлакатда кун тартибида турибди. Жорий йилнинг 2 июль куни Давлат кенгаши ушбу масала юзасидан сўнгги қарорини эълон қилади.
Греция ва АҚШ қарши чиқмоқда
Жорий йилнинг 29 май куни Истанбул шаҳри фатҳ этилгани муносабати билан Айя Софияда Қуръоннинг фатҳ сураси ўқилган. Шундан кейин унинг яна масжид сифатида очилиши диққат марказига чиққан.
Бу орада ҳолатга Греция Ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдириб, Айя Софияда Қуръон оятларининг ўқилишини, христианларнинг диний туйғуларини оёқости қилиниши деб баҳолади.
Орадан кўп ўтмай, АҚШ Давлат департаменти ҳам ҳолатга нисбатан муносабатини билдириб, Айя Софиянинг кўп динли тарихини сақлаб қолишни қўллаб-қувватлашини очиқлаган. Департамент Халқаро диний эркинлик тўғрисидаги ҳисоботларни рўкач қилган.
Эрдўған нима дейди?
Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған икки мурожаатга нисбатан жавоб қайтараркан, “Биз ҳуқуқий давлат сифатида Давлат кенгашининг бу борадаги қарорини кутяпмиз. Кенгаш қандай қарор қабул қилишига қараб, кейинги қадамларни ташлаймиз”, дейди.
Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу эса масалага қуйидагича муносабат билдирди:
“Туркия Республикасида азон ёки Қуръони Карим оятларининг қаерда ўқилишини бошқалардан сўраши керакми? Туркияга бу масалада ақл ўргатиши мумкин бўлган энг охирги давлат – бу Греция. Айя София Туркия Республикасининг мулки ва у фатҳ этилган”.
Айя София тортишувлари ортида нима бор?
Айя София ибодатхонаси аслида Византия императори Константин иккинчи тарафидан 360 йилда бунёд этилган. У ёғочдан қурилган бўлгани учун 404 йилга келиб ёниб кетган. Ўша йили ибодатхона биринчи бор таъмирланган. Ибодатхонанинг ҳозирги биноси эса Византия императори Юстинян биринчининг буйруғига кўра, 532-537 йилларда барпо этилган.
Ибодатхонанинг қурилиши 5 йилу 10 ой давом этган. Унда 10 мингдан ортиқ қурувчи меҳнат қилган. Ибодатхона тарихчилар томонидан ўша даврнинг энг катта биноси сифатида қайд этилган.
1204 йилгача у кўплаб зилзилалар ва ёнғинларни бошдан кечирган ва таъмирланган. Ўша йили салибчиларнинг қўлига ўтган ибодатхона 1261 йилгача Рим католик черковига айлантирилди. 1261 йилда византияликлар Истанбулга эгаликни қайтариб олгач, Айя Софиядан яна православ черкови сифатида фойдаланилди.
1453 йил 29 майда Усмонли империяси султони Фотиҳ Султон Меҳмет Истанбулни эгаллаб олганда, Айя София яраланган Византия аскарлари, аёллар ва болалар учун бошпана бўлган.
1453 йил 1 июнда Истанбулда биринчи жума намозини ўқиган Фотиҳ Султон Меҳмет, Айя София Усмонли ҳукмронлиги остида масжид бўлиб хизмат қилишини эълон қилди. Меҳроб ва минбар қурилди, қўнғироқ ва хоч олиб ташланди. Девордаги суратлар беркитилди.
1616 йилга келиб, Айя Софиянинг қаршисида Султон Аҳмад масжиди барпо этилгунга қадар ушбу масжид мамлакатдаги энг каттаси саналар эди.
1739 йилда Айя Софияга ёндош мадраса, кутубхона ва ошхона бинолари қурилди. 1847-1849 йиллардаги таъмирлаш ишлари сабаб ёпилган Айя София охирги бор масжид сифатида 1849 йилда очилди.
Масжиднинг музейга айланиши
1923 йилга келиб Туркия ўзини Республика деб эълон қилди. 1931 йилга келиб, Айя София ёпилди.
1931 йилда Америка Византия институти асосчиси, археолог Томас Уиттимор Туркиядан Айя Софиядаги мозайка-суратларни тиклашни талаб қилаб қилади. Ўша вақтда Президент Мустафо Камол Отатурк мозайкаларни тиклашга оид рухсати билан бошланган ишлар 15 йил давом этди ва 1947 йилда якунланди.
Иш бошланганидан бироз вақт ўтгач, 1934 йил 2 ноябрь куни Вазирлар Кенгаши Айя Софияни музей сифатида очишга қарор қилди. Шундай қилиб Айя София 1935 йил 1 февралдан эътиборан музей сифатида иш бошлади. 1996 йилда у дунё маданий мерослари рўйхатига киритилди.
1997 йилдан 2002 йилгача унинг гумбази ва минораларида таъмирлаш ишлари олиб борилган. Бинонинг турли қисмларида ҳамон таъмирлаш ва тиклаш ишлари давом этмоқда.
Айя София Туркиянинг энг кўп одам ташриф буюрувчи зиёратгоҳларидан бири саналади. Уни 2015 йилда 3 миллион 425 минг, 2017 йилда эса 1 миллион 892 минг киши зиёрат қилган.
Иш бошида Эрдўған
Аслида Айя Софияни масжид ўлароқ фойдаланилиши устидан баҳс-мунозаралар доимий равишда бўлиб келган. Бироқ, мунозара 2019 йилда Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ТРТ телеканалига берган интервьюсидан кейин янада жонланди. Ўшанда Эрдўғанга “ушбу музейга киришни Туркия фуқаролари учун бепул қилиш мумкинми?”, деган савол билан мурожаат қилинган.
“Албатта, нега мумкин бўлмасин. Энди уни музей сифатида эмас, балки Айя София масжиди ўлароқ очиш ниятимиз бор. Бутун дунёдан келган туристлар Султон Аҳмад масжидини қандай зиёрат қилаётган бўлса, Айя Софияни ҳам шундай зиёрат қилишлари мумкин, намоз ўқишлари учун ҳам шароит яратамиз”, деган эди Эрдўған.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь