Айя София тақдири ҳал бўлди

Олам 8987
image

Туркия Давлат кенгаши Истанбулдаги Айя Софияни музейга айлантириш тўғрисидаги 1934 йилда қабул қилинган Мустафо Камол Отатурк фармойишини бекор қилди. Бу ҳақда “CNN Turk” хабар берди.

Телеканал маълумотига кўра, эндиликда Айя Софиядан масжид сифатида фойдаланиш мумкин.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған аввалроқ Айя София мақомини музейдан масжидга айлантириш учун Давлат кенгаши қарорини кутаётганини маълум қилганди.

Калаванинг учи 

Жорий йилнинг 2 июль куни Туркия Олий суди Авлиё София ибодатхонасининг мақоми Президент фармони билан ўзгартирилиши мумкинлиги тўғрисида қарор қабул қилди.

Таъкидланишича, мамлакатнинг биринчи Президенти Мустафо Камол Отатуркнинг 1934 йилда қабул қилинган Авлиё София ибодатхонасининг мақоми тўғрисидаги фармойиши қонуний ҳисобланади, аммо амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған уни ўзгартириш ҳуқуқига эга.

Авлиё София яна масжидга айлантирилса, у ерда 15 июль – Туркияда давлат тўнтариши ўтказишга бўлган уринишнинг тўрт йиллиги муносабати билан намоз ўқилиши тахмин қилиняпти. Бу ўз навбатида якуний қарор қабул қилишга ўз таъсирини ўтказиши мумкин.

АҚШ ва Грециянинг оғзига урган Эрдўған

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 2019 йилнинг март ойида ТРТ телеканалига берган интервьюсида ушбу музей яна масжидга айлантирилишига ишора берган эди. Жорий йилнинг 29 май куни Истанбул шаҳри Фотиҳ Султон тарафидан фатҳ этилган кун муносабати билан Айя Софияда Қуръони каримнинг Фатҳ сураси ўқилди. Шундан сўнг баҳс-мунозаралар авжига чиқди. 

Бу орада ҳолатга Греция Ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдириб, Айя Софияда Қуръон оятларининг ўқилишини, христианларнинг диний туйғулари оёқости қилиниши деб баҳолади. 

Орадан кўп ўтмай, АҚШ Давлат департаменти ҳам ҳолатга нисбатан муносабатини билдириб, Айя Софиянинг кўп динли тарихини сақлаб қолишни қўллаб-қувватлашини очиқлаган. Департамент Халқаро диний эркинлик тўғрисидаги ҳисоботларни рўкач қилган.

Президент Эрдўған кечаги нутқида АҚШ ва Грециянинг иддаоларига қарши гапираркан, Туркиянинг ички ишларига бошқа мамлакатларнинг аралашишга ҳақи йўқлигини урғулади. У сўзида давом этаркан, Туркия барча дин вакилларига очиқ мамлакат эканини қайд этди.

3 июль куни Истанбулдаги янги масжид қурилишига тамал тоши қўйган Президент Ражаб Тойиб Эрдўған нутқ сўзлаб, Туркиянинг ички ишларига аралашишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқлигини эслатиб, шундай деганди: 

“Биз дунёнинг бошқа ўлкаларида ўз ватандошларига хизмат қилиб келаётган ибодатхоналарнинг ишига аралашмаяпмизми, демак бошқаларнинг ҳам бизнинг ибодатхоналаримиз ишига аралашишга ҳақи йўқ”.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 285
Рейтинг: 3
t
×