Сурияда турк бошқарув модели татбиқ этилиши мумкин
Олам
−
10:33
1778Сурияда ўтиш даври ўрнига доимий ҳукумат тузилганидан кейин бошқарув тизими Араб Республикасининг шимолида амалга оширилган турк моделига кўра ташкил этилиши мумкин. Бу ҳақда Туркия маъмурияти ва ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт партияси”даги манбаларга таяниб “Türkiye” газетаси хабар берди.
Муваққат бош вазир Муҳаммад ал-Башир аввалроқ президентликдан кетган Башар Асад маъмурияти вайрон бўлган иқтисод билан мамлакатни тарк этганини айтган эди. “Türkiye” нашри манбаларининг қайд этишича, янги даврда Суриядаги асосий таянч Туркия томонидан қўллаб-қувватланадиган миллий кучлар бўлади.
“Анқара шимолда яратилган хавфсиз ҳудуд маъмуриятини ҳарбий ва маъмурий жиҳатдан тайёрлади. 5 миллион аҳоли истиқомат қиладиган минтақа турк ташаббуслари асосида бошқарила бошланди”, деб ёзади газета.
Туркиянинг ҳукмрон партиясидаги манбалар ҳам газетага Суриядаги иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар режалари ҳақида гапириб берди. Нашр маълумотларига кўра, ҳозирда Туркия билан органик алоқада бўлган 10 миллионга яқин суриялик, жумладан, хавфсиз ҳудудда 5 миллион, Туркия орқали Европага ўтган 1,5 миллион ва Туркия ҳудудида 3 миллионга яқин суриялик бор. Улардан камида 5 миллиони туркча гапиради, “Türkiye” бунинг муҳим рақам эканлигини қайд этади.
Манбаларга кўра, Туркия Сурияда барча нуқтаи назарлар ифодаланадиган бир тузилма ва барча сегментлар юқори даражадаги вакилликка эга бўлган тизим яратмоқчи.
“Туркиянинг 5 миллион аҳолиси бўлган ҳудудда яратган, жамиятнинг барча қатламларини қамраб олган тизим ҳозиргача муаммосиз ишлаган”, дея таъкидлайди турк газетаси.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи бошчилигидаги исёнчи кучлар Сурия пойтахти Дамашққа кириб, мамлакат раҳбари Башар Асад режими ағдарилганини маълум қилганди. Кейинчалик Сурияни тарк этган Башар Асад ва унинг оила аъзолари Москвага боргани хабар қилинганди. Муҳаммад ал-Башир ўзининг Сурия муваққат ҳукуматининг раҳбари этиб тайинланганини эълон қилди.
LiveБарчаси