Айтадиган гапларим кўп, лекин... – Жээнбеков нега жим турганини очиқлади

Олам

image
0:00
0:00
download

Кеча, 11 апрель куни Қирғизистонда маҳаллий ҳокимият органларига сайловлар ва Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. Сайловда мамлакатнинг собиқ Президенти Сооронбай Жээнбеков ҳам иштирок этиб, овоз берди. 

Бишкекдаги 1327-сонли сайлов участкасига борган Жээнбеков, овоз бериб бўлгач, журналистлар билан мулоқот қилди. У Президентликдан кетгач, ўзига нисбатан ОАВ ва жумоатчилик томонидан бўлаётган турли танқидий фикрларни кузатиб бораётганини маълум қилган. 

“Шахсан менинг манзилимга турли хил фикрлар билдирилган, улар ҳар хил эртакларни ёзиш ва тарқатишда давом этмоқда. Буларнинг барчасини эшитаман, ўқийман, таҳлил қиламан. Албатта, айтадиган гапларим ва кўп жавобларим бор. Аммо қуйидагиларни унутмаслик керак. Мамлакатда сиёсий барқарорлик эндигина мустаҳкамлана бошлади. Ва бугунги вазиятда, мамлакатдаги барқарорлик учун, мен жамоатдаги полемикадан ва турли сиёсатчилар билан мулоқотдан сақланишим керак эди. Менинг нутқим ва сўзларим вазиятга таъсир қилмаслиги мумкин эмас. Менинг сўзларимга сиёсий спекуляция қиладиганлар ҳам бўлади. Бунинг сабабини айтишни истамайман”, дейди Жээнбеков.

2017 йилдан 2020 йилнинг 15 октябрига қадар Қирғизистон Президенти бўлган Жээнбеков айни дамда фонд тузиб, унга раҳбарлик қилмоқда. У Президент лавозимини ўз хоҳиши билан тарк этгандан сўнг, мамлакат жамоатчилигида Сооронбай Жээнбеков ва Роза Отанбаевани собиқ Президент унвонидан маҳрум қилиш талаб этилди. Жорий йил 1 февралдан мамлакат бўйлаб фуқароларнинг имзосини йиғиш бошланди. Бу орада Жээнбеков тилдан тушди, расмий тадбирларда кўриниш бермади. Орадан бир неча ой ўтиб, Жээнбеков ва Роза Отанбаева мамлакатнинг амалдаги Президенти Садир Жапаров билан “Апрель қўзғалони” қурбонларини хотирлаш маросимида иштирок этди.

У бугун мамлакатдаги ўзига нисбатан “об-ҳаво” ҳақида гапираркан, ҳар қандай фикрларга бардошли эканини урғулайди. Жээнбеков жим турганини сабабини ҳам очиқлади. 

“Мен шахсан мен ҳақимда айтилганларнинг барчасига бардош бераман.  Мен учун, авваламбор, мамлакатда сиёсий барқарорлик, халқ бирлиги муҳим. Коронавирус билан боғлиқ ҳолда бутун дунёда, шу жумладан бизнинг мамлакатимизда ҳам оғир иқтисодий вазият юзага келди. Бошқа бир нечта муаммолар ҳам бор. Мамлакат раҳбарияти барча имкониятларни ишга солган ҳолда ишламоқда. Мамлакат манфаатлари энг қадрлидир. Шундай экан, барчамиз ўз кучимизни сиёсийлаштиришга эмас, балки яратувчанликка йўналтиришимиз керак. Сукут сақлашимга сабаб шу. Худо хоҳласа, сиз билан яна гаплашамиз”, деган Жээнбеков.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда 2020 йилнинг 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловларидан кейин, 7 фоизлик минимум овозни тўплай олмаган партия тарафдорлари норозилик намойишларини бошлади. Бир неча кун давом этган намойиш ва тартибсизликлар ортидан Бош вазир Кубатбек Боронов ва унинг Ҳукумати истеъфога чиқди. Намойишчилар давлат идораларини эгаллаб олди. 

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ўша вақтдаги Президент Сооронбай Жээнбеков Бишкекда фавқулодда ҳолат жорий қилди ва пойтахтга ҳарбийлар киритилди. Бунинг натижасида вазият бироз тинчиди. Аммо намойишчилар Президентдан истеъфога чиқишини талаб қилди. Натижада 15 октябрда Жээнбеков халқига қарата ўқ узиб, қон тўкмаслик учун истеъфо берди.

Унинг вазифасини вақтинча бажариши керак бўлган парламент спикери Канат Исаев бундан бош тортди. Натижада давлат раҳбари ваколати намойишлар ортидан Бош вазир бўлган Садир Жапаровга ўтди. 

Садир Жапаров Қирғизистонда жорий йилнинг 10 январь куни муддатидан олдин ўтказилган президентлик сайловида ғалаба қозонди. У 28 январь куни қасамёд келтириб, расман Президент лавозимида иш бошлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Сооронбай Жээнбеков

Баҳолаганлар

255

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг