Айримларга давлат хизматидан фойдаланишда 50 фоиз чегирма берилади
Жамият
−
26 Июль 2021
5093Айрим шахсларга давлат хизматларидан фойдаланишда 50 фоиз миқдорида чегирма берилади. Бу Ўзбекистон Президентнинг “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида назарда тутилган.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб:
• “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва (ёки) Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда – ЯИДХП) орқали давлат хизматларини кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади (тадбиркорлик фаолияти мақсадларида ёки юридик шахслар вакили сифатида мурожаат қилинган ҳолатлар бундан мустасно);
• Давлат хизматлари марказлари, “Лицензия” ахборот тизими ҳамда ЯИДХП орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатидан 3 иш кунидан ортиқ вақтга кечиктирилганда, ариза берувчиларнинг мурожаатларига асосан, хизматдан фойдаланиш учун тўланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг 50 фоизи уларга 1 иш кунида қайтарилади.
Бунда:
• ариза берувчига тўловлар Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтарилади ва Давлат хизматлари агентлиги томонидан давлат хизматини кўрсатиш муддатини кечиктирган давлат органи ва ташкилотининг бюджетдан ташқари ва бошқа маблағлари ҳисобидан акцептсиз ундириб олинади;
• ариза берувчига тегишли давлат хизмати кўрсатилади ва тўлиқ якунланади.