Барча давлат хизматлари босқичма-босқич маҳаллага туширилади
Жамият
−
17:31 1207 2 дақиқа
Ўзбекистонда барча давлат хизматлари босқичма-босқич маҳаллага туширилади. Бу ҳақда бугун, 16 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилишида сўз борди.
“Маҳалла – халққа энг яқин бошқарув бўғини. Одамларнинг кундалик масалалари шу ернинг ўзида, ортиқча оворагарчиликсиз ҳал бўлиши керак”, дейди Президент.
Қайд этилишича, ҳозир “еттилик” орқали 100 га яқин хизмат кўрсатилмоқда. Энди барча давлат хизматлари босқичма-босқич маҳаллага туширилади.
Норин туманидаги Янги Наманган маҳалласида самарали тажриба йўлга қўйилган. Бу ерда Ахборот ва хизмат маркази ташкил этилиб, 8 та олис маҳалла аҳолиси учун бир жойда 980 та давлат хизмати кўрсатилмоқда.
Ховос туманидаги Қаҳрамон маҳалласида ҳам Венгриянинг “ақлли қишлоқ” тажрибаси асосида шундай марказ ташкил этилмоқда.
Билдирилишича, йил якунигача Норин ва Ховос тажрибаларини Қўнғирот, Конимех, Бойсун, Қамаши, Қўшработ, Тупроққалъа, Ғиждувон, Фориш, Бешариқ, Жалақудуқ ва Оҳангарон туманларида жорий этиш топширилган. Урганч шаҳридаги Олимпия маҳалласида йўлга қўйилган “ақлли маҳалла” тажрибаси эса ҳар бир вилоятнинг 10 тадан маҳалласида татбиқ қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда маҳалла раисларига хусусий боғча, мактаб, клиника ва спорт иншоотлари қуриш учун ерни аукционга чиқариш ваколати берилиши ҳақида хабар қилинган эди.
Live
Барчаси