Маҳалла раисларига ерни аукционга чиқариш ваколати берилади
Жамият
−
16:46 1692 2 дақиқа
Ўзбекистонда маҳалла раисларига хусусий боғча, мактаб, клиника ва спорт иншоотлари қуриш учун ерни аукционга чиқариш ваколати берилади. Бу ҳақда бугун, 16 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилишида сўз борди.
Қайд этилишича, айрим туманларда амалга оширилаётган лойиҳаларда камбағал оилалар иштироки 15 фоизга ҳам етмаяпти. Қораўзак, Марҳамат, Миришкор, Нуробод ва Термиз туманлари мисолида бу борадаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилган.
Йиғилишда билдирилишича, ачинарлиси, 960 та камбағал оила яшайдиган 32 та маҳаллада бирорта ҳам эҳтиёжманд одам доимий ишга жойлаштирилмаган. 883 та маҳаллада эса банкирлар хонадонбай юриб, лойиҳа қилмаган, тадбиркорлар билан учрашмаган. Шунинг учун йил бошидан маҳаллада ишни тўғри ташкил қилмаган 152 нафар раҳбар ишдан олинган, яна 700 нафарига интизомий чора кўрилган.
Маҳаллаларда солиқ тушумлари, жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли муаммоларини ҳал этиш бўйича ҳам масъулларга саволлар қўйилган. Давлат раҳбари маҳалла одамлар учун чинакам “ишонч, таянч ва имкониятлар маркази” бўлиши зарурлигини таъкидлаган.
Янги Қува маҳалласи мисолида аҳолини иш билан таъминлаш ва даромадини ошириш бўйича янги тартиб кўрсатиб ўтилган. Ушбу маҳаллада 51 нафар ишсиз фуқаро бор, уларнинг 4 нафари агротехникумни битирган ва хонадонида 10 сотихдан томорқаси мавжуд.
Билдирилишича, маҳалла раиси томорқада гул кўчатига ихтисослашган енгил конструкцияли иссиқхона қуриш учун маҳалла банкирига буюртма беради. Қолган ишсиз аҳоли бўйича ҳам маҳалла раиси ким тадбиркор бўлмоқчи, қайси оила даромадини оширмоқчи, кимга кредит, ускуна ёки ер кераклигини аниқлаб, банкирга аниқ вазифа қўяди.
Янги Қува маҳалласида боғча етишмаслиги сабаб 50 нафар бола қўшни маҳаллага қатнаяпти, ҳудудда эса 70 сотих бўш ер бор. Шу муносабат маҳаллаларда хусусий боғча, мактаб, клиника ва спорт иншоотлари қуриш учун ерни аукционга чиқариш ваколати ҳам маҳалла раисларига берилади.
Live
Барчаси