Энди сунъий интеллектни ўрганмаганлар давлат хизматида ишламайди. Қозоғистонда!
Олам
−
27 Декабрь 2025 4821 2 дақиқа
Эндиликда Қозоғистонда ходимлар агар сунъий интеллект бўйича ўқувдан ўтмаган ёки ушбу соҳа бўйича кўникмаларга эга бўлмаса, давлат хизматида ишлай олмайди. Бу ҳақда кеча, 26 декабрь куни 2025 йил якунлари бўйича матбуот анжуманида чоғида мамлакат Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев маълум қилди.
У давлат хизматчиларини сунъий интеллект билан ишлашга ўқитиш жараёни ҳақида сўз очган. Хусусан, гап вазирлик томонидан давлат хизматчиларига мўлжалланган махсус дастур ҳақида бормоқда.
“Ҳозирда дастур 50 минг нафар давлат хизматчисини қамраб олган. Вақт ўтиши билан сунъий интеллект бўйича курслар мажбурий бўлади. Агар шахс ўқувдан ўтмаган ёки сунъий интеллект бўйича кўникмаларга эга бўлмаса, у ишлай олмайди”, дейди Жаслан Мадиев.
Унинг айтишича, бу давлат хизматининг салоҳиятини ошириш, иш самарадорлигини кучайтириш ва бюрократияга қарши курашиш учун зарур.
“Биз давлат хизматчиларини СИ-агентлар, моделлар ва кўп агентли платформалар яратишга ўргатяпмиз, уларга ҳисоблаш қувватлари, маълумотлар тўпламлари ва тил моделларини тақдим этяпмиз. Ҳатто дастурлаш тажрибасига эга бўлмаган одамлар ҳам бундай агентларни яратишни ўрганиши мумкин”, дейди вазир.
Вазирлик маълумотларига кўра, мамлакатда ҳозиргача қарийб 3000 нафар давлат хизматчиси платформада ишлаш ва СИ-агентлар яратиш бўйича таълим олган.
Live
Барчаси