Айрим ўқитувчиларга махсус устамалар тўлаш тартиби тасдиқланди
Жамият
−
02 Март 2021
8137Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан ўқитувчи ва педагогларни жалб этиш тўғрисида Халқ таълими вазирининг буйруғи имзоланди. Бу ҳақда вазирлик хабар берди.
Халқ таълими вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Республикадаги таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхати тасдиқланди.
“Вазирлик томонидан таълим даражаси юқори бўлмаган умумтаълим мактаблари бўш иш ўринларига (вакант дарс соатлари бўйича) бошқа ҳудудлардан ўқитувчиларни ишга қабул қилиш схемаси ишлаб чиқилди. Бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар билан ish.uzedu.uz cайти орқали танишиш мумкин”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, умумтаълим мактабларда ўқитувчиларни ишга олиш тартиби соддалаширилиб, шу вақтга қадар ўқитувчиларни ишга қабул қилишда туман (шаҳар) халқ таълими бўлими томонидан амалга ошириладиган қўшимча буюрократик тартиблар бекор қилинган ҳамда ишга қабул қилиш мактаб раҳбарининг ваколатига ўтказилган.
Шу билан бир қаторда, таълим даражаси юқори бўлмаган умумтаълим мактабларига бошқа ҳудудлардан ишга қабул қилиш учун бўш иш ўринларига икки ва ундан ортиқ номзодлар талабгор сифатида ҳужжат топширган ҳолларда мактаблардаги танлов комиссияси томонидан саралаб олинади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2021 йилнинг 1 мартидан таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилиниши белгиланган.
Бунда:
• бир маъмурий бирлик (вилоят) доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз;
• бошқа маъмурий бирлик (вилоят)дан келиб фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз махсус устамалар тўланади.