Хориждан Ўзбекистонга қайтган шифокорларга 50 млн сўмгача устама тўланади
Local
−
14:14 480 1 minute
Хорижий клиникаларда тажриба тўплаган ўзбекистонлик шифокорлар маҳаллий шифохоналарига жалб этилиб, уларнинг ойлик иш ҳақига 50 миллион сўмгача устама тўланади. Бу ҳақда бугун, 27 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Кўксарой қароргоҳида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувида маълум қилинди.
Қайд этилишича, хорижий клиникаларда тажриба тўплаган ватандош шифокорлар мамлакат шифохоналарига жалб этилади.
“Биз уларни ўзимиздаги шифохоналарга олиб келиб, Янги Ўзбекистон тиббиётида ўз мактабини яратишига хизмат қиладиган янги тизимни йўлга қўямиз”, дейди Президент.
Бундай мутахассисларнинг ойлик иш ҳақига 50 миллион сўмгача устама тўланади. Иш жойлари замонавий ускуналар билан жиҳозланади.
Уларга атрофида кучли жамоа шакллантириш, бирга ишлайдиган шифокор, ассистент ва ҳамшираларни мустақил танлаш имконияти берилади. Нуфузли конференцияларда қатнашиш ва хориждаги ҳамкасблари билан тажриба алмашиш харажатлари қопланади.
Бу ишлар 26 та ихтисослашган марказдан бошланади. Ҳар бир марказ директори келаси йили 5-10 нафардан ватандош шифокорни жалб этишга масъул бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ келгуси йилдан Ўзбекистонда олис ҳудудларда ишлайдиган барча шифокорларнинг ойлик қўшимча устамаси 2 миллион сўмдан 4,5 миллион сўмга оширилиши, шунингдек, бундай ҳудудга ишга кирган шифокорга 50 миллион сўм бир марталик рағбат пули ҳам берилиши хабар қилинган эди.
Live
All26 October
26 October