Самолётда аёлнинг ҳаётини сақлаб қолган шифокор тақдирланди
Жамият
−
10:08 574 2 дақиқа
Аввалроқ ўзбекистонлик шифокор Тошкентдан Сеулга учaётган самолёт бортида оғир шок ҳолатига тушиб қолган аёлнинг ҳаётини сақлаб қолгани ҳақида хабар берилган эди. Кеча, 7 ноябрь куни шифокор Ҳасан Комилов “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, мукофот Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни муносабати билан пойтахтда ўтказилган тантанали тадбирда топширилган. Унда соғлиқни сақлаш соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ ходимларга давлат мукофотлари ва кўкрак нишонлари топширилган.
Ҳасан Комилов Самарқанд шаҳридаги хусусий клиника раҳбари, Тошкент давлат тиббиёт университети изланувчиси ва тажрибали оториноларинголог ҳисобланади.
Жорий йилнинг 11 октябрь куни Тошкент–Сеул йўналишидаги HY511 рейси вақтида аёл йўловчининг аҳволи кескин ёмонлашган. Унинг танаси кўкариб, совиб кетган ва у шок ҳолатига тушган. Самолёт бортида бўлган Ҳасан Камилов экипаж аъзолари билан биргаликда аёлга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатган. Натижада йўловчи ўзига кела бошлаган.
Маълумот учун, “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони Ҳукуматнинг 2023 йилнинг 4 сентябрдаги 444-сон қарори билан таъсис этилган. Ушбу нишон билан соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, зарарли одатларнинг олдини олиш, касалликлар профилактикаси ва тиббиёт соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшган шахслар тақдирланади. Мукофотланганларга БҲМнинг 4 баравари (1 миллион 320 минг сўм) миқдорида бир марталик пул мукофоти ҳам берилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ноябрь ойининг иккинчи якшанбасини Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни сифатида белгилаш таклиф этилганди. Бунинг учун амалдаги қонундаги “Тиббиёт ходимлари куни” номини “Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни” деб ўзгартириш назарда тутилган. 20 октябрь куни Қонунчилик палатасида маъқулланган қонун лойиҳаси Сенатга юборилган.
Live
БарчасиОзон тешиги рекорд даражада кенгайди
06 Ноябрь
Октябрда инфляция 0,6 фоизни ташкил этди
06 Ноябрь