25 ноябрь. Ўзбекистон ва дунёда қандай янгиликлар юз берди?

Жамият

image
Якунига етаётган 25 ноябрда Ўзбекистон ва халқаро майдонда қатор муҳим воқеалар юз бергани билан ёдда қолмоқда. QALAMPIR.UZ дайжестида куннинг энг муҳим, энг сара воқеа-ҳодисаларининг қисқача тафсилоти билан танишинг.

Жамият 

Қашқадарёда қидирилаётган хавфли жиноятчи Тошкент вилоятида ушланди

Қашқадарёда ўта оғир турдаги жиноятни содир этиб, қидирувда бўлган шахс Тошкент вилоятида қўлга олинди. У 15 йилга қамалган. Бу ҳақда Ички ишлар Бош бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 23 ноябрь куни Ўртачирчиқ тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноят қидирув бўлими тезкор ходимлари томонидан бир йилдан буён қидирувда бўлган шахс қўлга олинган. 

Маълум бўлишича, у 2020 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Қашқадарё вилояти ИИБ томонидан қидирувда бўлган. Ушланган вақтида фуқаро Ш.Ш. қочишга уринган ва ички ишлар органлари ходимларига бўйсунмай, фаол қаршилик кўрсатган. 

Хоразмда вилоят “замҳоким”и бошчилигидаги тендерда унинг укаси ғолиб бўлди

Хоразмда 20,4 млрд сўмлик давлат буюртмаси вилоят ҳокими ўринбосарининг укасига берилгани аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Матбуот хизмати раҳбари маълум қилди.

Қайд этилишича, коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2021 йилнинг 6 ойида 461,3 млрд. сўмлик қийматдаги давлат харидлари юзасидан 59 та қурилиш объектларида ўрганиш ўтказилган.

Ўрганиш давомида Хоразм вилоятида вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК буюртмачилигидаги қиймати 20,4 млрд. сўмлик “Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш” объекти ўрганилганида тендер ғолиби бўлган ташкилот таъсисчиси Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари ва тендер комиссияси раисининг яқин қариндоши,  яъни туғишган укаси эканлиги маълум бўлган.

Қашқадарёда аёл ёллаган жиноий гуруҳ унинг эрини 44 марта пичоқлаб ўлдирди

Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманида севгилиси билан қочиб кетиш учун уйидаги пулларни ўғирлаш мақсадида жиноий гуруҳ ёллаб, эрининг ўлимига сабабчи бўлган аёлга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, Шаҳрисабз тумани, Шакартери қишлоғида яшовчи тадбиркор Ҳ.М. 26 мартга ўтар кечаси жиноий гуруҳ аъзолари томонидан ўлдириб кетилган.

Тергов жараёнида Ҳ.М.нинг турмуш ўртоғи унинг У.С. исмли эркак билан ишқий муносабатидан хабар топганини билиб қолгани аниқланган. Шу сабабли аёл оилада юзага келган келишмовчилик сабабли уйида сақланаётган пул маблағларини қўлга киритиб, қочиб кетиш режасини тузган ва У.С.га ишончли одамларни топиб, босқинчилик қилиш топшириғини берган.

Андижонда хотинининг бурнини тишлаб, узиб олган эр қамалди

Андижон вилояти Булоқбоши туманида хотинининг бурнини тишлаб, узиб олган эркак уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда “Zamon” кўрсатувида маълум қилинди.

Қайд этилишича, 2020 йил 29 июнь куни эркак қайнотасининг уйида хотини билан жанжаллашиб қолган. Можаро давомида хотининг бурнини тишлаб, узиб олган ва воқеа жойидан қочиб кетган.

Суд-тиббий экспертизасининг 2020 йил 28 июлдаги хулосасига кўра, аёлда бурун учи ва ўнг томон бурун қаншарида тишланган, йиртилган ва узилган жароҳати (нуқсон) мавжудлиги, қайта тиклов операциясига муҳтожлиги, бир неча босқичли операция  ўтказиш зарурлиги, ундан кейин ҳам қайта тикланган бурун учи ва қанотларида чандиқлар қолиши аниқланган.

Ўзбекистондаги иккинчи энг йирик ГЭС қурилиши учун Пском дарёси тўсилди

Бугун, 25 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида барпо этилаётган йирик “Пском ГЭС”ининг 1-тўсиқ дарвозаси ёпилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг табиий сув оқимлари ва сув хўжалиги объектларида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан янги гидроэлектростанциялар қуриш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шулардан бири “Пском ГЭС” ҳисобланади. Мазкур ГЭС йирик объектлардан бири бўлиб, Тошкентдан шимоли-шарқда 120 км масофада, Чорвоқ сув омборидан 45 км юқорида жойлашган.

Олам

Лира қадрсизланиши: Истанбулда 40 дан ортиқ киши ҳибсга олинди 

Туркияда Истанбул полицияси лира қадрсизланиши ортидан намойишларга чиққан 40 дан ортиқ кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда “Duvar” портали хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, Истанбулнинг Кадикўй туманида ҳукумат истеъфосини талаб қилиб шиорлар билан чиққан намойишчиларга қарши полиция сув пуркаган. Намойишчилар Истанбулнинг Авжилар ва Бакиркўй туманларида ҳам тўпланган. Полиция митинг ўтказилиши режалаштирилган майдонни тўсиб қўйган. 

WP: АҚШ Россияни “Гавана синдроми” оқибатларидан огоҳлантирган 

Аввалроқ, АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бернс жорий йилнинг 2 ва 3 ноябрь кунлари Москвага ташриф буюргани ҳақида хабар бергандик.

Таъкидланишича, Бернс ташрифи чоғида, агар Россия разведка хизматлари “Гавана синдроми” деб аталадиган воқеаларга алоқадор бўлган бўлса, “оқибатлар” ҳақида Россия Федерациясини махфий равишда огоҳлантирган. Бу ҳақда вазиятдан хабардор АҚШ расмийларига таяниб, “The Washington Post” нашри хабар берган.  

Қайд этилишича, Бернс бу масалани Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати ва Ташқи разведка хизмати вакиллари билан учрашувларида кўтарган. Шу билан бирга, унинг мурожаатида Россияга қарши ҳеч қандай айбловлар мавжуд бўлмаган. 

“Дельта”дан ёмонроқ: коронавируснинг янги хавфли штамми аниқланди 

Буюк Британиялик олимлар коронавируснинг янги штаммини аниқлади, у ҳозирда маълум бўлган турлардан ҳам юқумлироқ бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берган. 

Тахминларга кўра, у Ботсванада пайдо бўлган ва унга “Nu” деб ном берилган. Айни пайтда штамм дунёнинг учта давлатида топилган. 

Таъкидланишича, у 32 та мутацияни ўз ичига олади ва вакциналарга потенциал чидамли. Лондон университети генетики, профессор Франсуа Баллунинг сўзларига кўра, вируснинг бу варианти биринчи навбатда иммунитети заиф ва аниқланмаган ОИТСга чалинган беморларда пайдо бўлиши мумкин. 

ЖССТ кимлар коронавирусни асосий тарқатувчилари эканини маълум қилди

Эмланмаган одамлар коронавирусни асосий тарқатувчилари ҳисобланади. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълум қилди. 

“Биз эмланиш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир кишини ушбу имкониятдан фойдаланишга чақирамиз. Бу айниқса, 60 ва ундан юқори ёшдагилар, шунингдек иммунитети паст бўлганлар учун жуда зарур”, дея таъкидланган ташкилот хабарида.

Швециянинг илк аёл Бош вазири сайланганидан бир неча соат ўтиб, истеъфога чиқди

Швеция Социал-демократик меҳнат партияси раҳбари Магдалена Андерссон ҳукумат раҳбари сифатида бир суткадан камроқ вақт ўтказганидан сўнг бош вазирлик лавозимидан истеъфога чиқди. Бу ҳақда “Radio Sweden” хабар берган.  

“Швециянинг янги сайланган Бош вазири Магдалена Андерссон парламентдаги овоз беришда Бош вазир этиб сайланганидан бир неча соат ўтиб истеъфога чиқди”, дейилган хабарда.

“Кальмар ўйини” сериалини ноқонуний сотган талаба ўлимга ҳукм қилинди

Корея Халқ Демократик Республикасида Жанубий Корея киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Кальмар ўйини” сериалини кўчириб сотган талаба ўлимга, сериални томоша қилган юқори мактаб ўқувчилари эса беш йиллик мажбурий меҳнатга ҳукм қилинди. Мактаб ходимлари ишдан бўшатилган. Бу ҳақда “Forbes” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, талаба сериални Хитойда флеш хотирага кўчириб олган ва уйига қайтганидан сўнг нусха кўпайтириб ҳамюртларига сотган.

Спорт

Леброн Жеймс “Ливерпуль” ҳиссадори экани маълум бўлди 

Бир неча йил олдин Миллий баскетбол ассоциацияси (NBA) мунтазам чемпионати иштирокчиси ҳисобланган “Лос-Анжелес Лейкерс” клуби ҳужумчиси Леброн Жеймс Англиянинг “Ливерпуль” клубининг акцияларини сотиб олгани маълум бўлди.

Эндиликда дунёнинг энг яхши спортчилардан бири “Nike” компанияси ва Мерсисайд клуби воситасида кийим-кечак тармоғини йўлга қўймоқчи.

Фьюри Жалоловни мағлуб этган боксчига қарши жанг қилмоқчи эмас

Профессионал бокснинг супероғир вазн тоиқасида WВC камари соҳиби Тайсон Фюри (31-0-1) Диллиан Уайт ва Жо Жойсга қарши жанг иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Мени Жо Жойс ёки Диллиан Уайтга қарши жанг қизиқтирмайди. Фақатгина иккита жангга рози бўламан: Энтони Жошуа ёки Александр Усик. Бошқа ҳеч ким қизиқтирмайди”, дейди Фьюри.

Наҳотки! Икарди Нара билан ажрашса, футболчилик фаолиятини якунлайди

ПСЖ ҳужумчиси Мауро Икардининг рафиқаси ва агенти Ванда Нара футболчига ишонишини айтди. Унинг фикрига кўра, агар жуфтлик ажрашган тақдирда Икарди футболчилик фаолиятини якунлашини маълум қилган. Бу ҳақда италиялик журналист-инсайдер Николо Скира хабар берди.

Аввалроқ, Мауро Икарди хотинини колумбиялик модель Чайна Суарес билан учрашмаганига ишонтиргани бироқ Чайнанинг таниши Ванда Нарага иккисининг учрашуви ҳақида батафсил маълумот берувчи электрон почта хабарини юборгани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

142

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг