Ўзбекистондаги иккинчи энг йирик ГЭС қурилиши учун Пском дарёси тўсилди
Жамият
−
25 Ноябрь 2021
18719Бугун, 25 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида барпо этилаётган йирик “Пском ГЭС”ининг 1-тўсиқ дарвозаси ёпилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг табиий сув оқимлари ва сув хўжалиги объектларида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан янги гидроэлектростанциялар қуриш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шулардан бири “Пском ГЭС” ҳисобланади. Мазкур ГЭС йирик объектлардан бири бўлиб, Тошкентдан шимоли-шарқда 120 км масофада, Чорвоқ сув омборидан 45 км юқорида жойлашган.
Янги қурилаётган “Пском ГЭС”нинг электр энергия имконияти 400 МВтни ташкил этади. Катталиги бўйича “Чорвоқ ГЭС”дан кейинги иккинчи ўринда туради. ГЭС йилига 950 млн кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.
Пском дарёси гидро салоҳиятидан фойдаланиш мақсадида техник иқтисодий асоснома дастлаб 1987 йилда ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 октябрдаги 147-сон ва 2018 йил 22 ноябрдаги 46-сон йиғилиш баённомаларига асосан лойиҳа қидирув-тадқиқот ва дастлабки қурилиш-монтаж ишлари бошланган.
Мазкур лойиҳа қидирув-тадқиқот ишлари “Гидропроект” АЖ томонидан ишлаб чиқилган техник топшириққа асосан маҳаллий ва хорижий ташкилотлар томонидан олиб борилган.
“Пском ГЭС”нинг қурилиш майдони геологик шароитлари мураккаблиги, йирик иншоотлар қурилиши режалаштирилганлигини инобатга олиб, 2018 йил 24-26 сентябрь кунлари Россия ва Украина давлатларининг гидроэнергетика соҳасидаги етакчи геолог-мутахассисларини жалб қилган ҳолда “Пском ГЭСни лойиҳалаш ва қуриш хусусиятлари” бўйича халқаро техник конференция ўтказилган эди. Унда лойиҳанинг геологик асосномаси ва геологик қидирув материаллари Россиянинг “Ленгидропроект” АЖ томонидан қайта кўриб чиқилган.
Шу билан бирга, “Б.Е. Веденеева номидаги ВНИИГ” АЖ Грунтларни статик тадқиқот лабораторияси томонидан лойиҳа доирасида олинган грунт намуналари уч ўқли сиқиш қурилмаларида синовдан ўтказилган”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Таъкидланишича, “Пском дарёсида Пском ГЭСни қуриш” инвестиция лойиҳаси доирасида қабул қилинган техник ечимлар бўйича “Tractebel Engineering GmbH.” (Германия) халқаро инжиниринг компаниясининг ижобий хулосаси олинган.
Қайд этилишича, Пскем сув омбори тўла ҳажмда 511,2 млн. м3 сувни ташкил қилиб, ундан олинадиган самарали сув куби эса 468,9 млн. м3 ни ташкил қилади. Пском дарёсида ушбу ГЭС қурилиши мамлакатда ёқилғи энергетика ресурсларининг самарали сақлаб қолинишини таъминлайди. ГЭС қуввати йилига 300 минг тонна шартли ёнилғи ўрнини босади. Бу билан 250 млн.м3 табиий газни тежаб қолиш мумкинлиги айтилмоқда.
LiveБарчаси