Хоразмда вилоят “замҳоким”и бошчилигидаги тендерда унинг укаси ғолиб бўлди
Жамият
−
25 Ноябрь 2021
9388Хоразмда 20,4 млрд сўмлик давлат буюртмаси вилоят ҳокими ўринбосарининг укасига берилгани аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Матбуот хизмати раҳбари маълум қилди.
Қайд этилишича, коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2021 йилнинг 6 ойида 461,3 млрд. сўмлик қийматдаги давлат харидлари юзасидан 59 та қурилиш объектларида ўрганиш ўтказилган.
Ўрганиш давомида Хоразм вилоятида вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК буюртмачилигидаги қиймати 20,4 млрд. сўмлик “Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш” объекти ўрганилганида тендер ғолиби бўлган ташкилот таъсисчиси Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари ва тендер комиссияси раисининг яқин қариндоши, яъни туғишган укаси эканлиги маълум бўлган.
Шунингдек, Жиззах вилоятида 19 та объектда 6,3 млрд. сўмлик қурилиш ишлари тўлов ҳужжатларига асоссиз қўшиб ёзилганлиги, 941,1 млн. сўмлик ишлар сифатсиз бажарилганлиги, Андижон вилоятида 4 та объектда 57,9 млн. сўмлик ишлар сифатсиз бажарилгани, 1,4 млрд. сўмлик аслида бажарилмаган ишлар ҳисобот ҳужжатларига қўшиб ёзилганлиги аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилган.
Бундан ташқари, бюджет буюртмачилари томонидан қурилиш бўйича “dxarid.uz” ва “tender.mc.uz” порталида жойлаштирилган эълонлар жойларга чиққан ҳолда ўрганилганида, республиканинг 10 та вилоятида жами қиймати 81,9 млрд. сўмлик 137 та қурилиш объектларида танлов ва тендерлар юзасидан ғолиблар аниқланмасдан қурилиш ва жорий таъмирлаш ишлари бошлаб юборилганлиги ёки якунланганлиги аниқланиб, мазкур қонунбузишлар бўйича жами 28 та материаллар прокуратура органларига юборилган.
LiveБарчаси