Асқар Акаев собиқ президент мақомини қайтармоқчи. Бу унга нима беради?
Олам
−
05 Сентябрь
9066Қирғизистон собиқ президенти Асқар Акаев Жогорку Кенешга собиқ президент мақомини тиклашни сўраб мактуб йўллади. Бу ҳақда депутат Чўлпон Султонбековага таяниб, “Kloop” хабар берди.
“Бугун ишга келганимда хатни ўқиб чиқдим. Бу масала дарҳол кун тартибига киритилмайди. Биринчидан, фракциялар ўз етакчилари ва депутатлари билан буни муҳокама қилади. Масала кун тартибига қачон киритилишини кейинроқ эълон қиламиз”, деди Чўлпон Султонбекова.
Маълумот учун, Акаев Қирғизистонни 1990-2005 йилларда бошқарган. 2005 йил 24 мартда мамлакатдаги “Лола инқилоби” оқибатида ҳокимиятдан ағдарилган ва Россияга қочиб кетган. Шундан буён у Россияда яшайди.
Акаев раҳбарлиги мамлакатда коррупция, ҳокимиятни тортиб олиш, шунингдек, Жалолобод вилояти Ақси тумани Боспиек қишлоғида ўтказилган тинч митингда фуқароларга қарши қурол қўллагани билан ёдда қолган.
Бугунги кунда фақат Сооронбай Жээнбеков ва Роза Отунбоева собиқ президент мақомига эга. Қонунга кўра, собиқ президентлар умрбод суғурта, давлат хавфсизлиги, тиббий ёрдам, маош, давлат дачаларидан бири ва бошқа кўп нарсалардан бепул фойдалана олади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Асқар Акаев рафиқаси билан Қирғизистонга келгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси