Ашраф Ғани Афғонистондан нега қочиб кетганини маълум қилди
Олам
−
16 Август 2021
83465Аввалроқ, Афғонистон Президенти Ашраф Ғани лавозимидан истеъфо бериб, мамлакатдан чиқиб кетгани ҳақида хабар берган эдик.
Ғани Афғонистонни тарк этгач Facebook орқали баёнот берди. У ўз мурожаатида “Толибон” жангарилари Қобулда қирғин уюштиришни режалаштиргани ҳақида айтган.
“Меҳрибон Аллоҳ номи билан бошлайман! Қадрли ватандошлар. Мен бугун қуролланган толиблар билан юзма-юз қолиш ёки 20 йил давомида хавфсизлиги учун жонимни аямаганим ватанимни тарк этишдек оғир танлов қаршисида қолдим. Олти миллион инсон яшайдиган Қобулимиз қон ичида қолмаслиги учун кетиш керак деган қарорга келдим. Улар менгача етиб келишди, улар Қобулга ҳужум қилишга тайёр эдилар”, дейди Ашраф Ғани.
Сиёсатчи эндиликда толиблар афғон халқининг жони ва моли учун жавоб эканини таъкидлаган.
“Толиблар жангни қилич ва қурол билан енгишди. Энди улар инсонларнинг ҳаёти, саломатлиги учун жавобгар. Улар ҳокимиятини қонунийлаштириши, фуқароларнинг ҳам қалбини забт этиши керак бўлади. Ахир ҳукумат қонунийлиги қўшиб топширилмайди, унга эришиш керак”, дея таъкидлаган Ғани.
Унинг таъкидлашича, энди толиблар олдида иккита танлов турибди: ёки Афғонистоннинг шаъни ва мақсадларини ҳимоя қилишади ёки ўз манфаатларини устун кўришади.
“Толиблар бутун афғон миллати, аёлларимиз, опа-сингилларимиз билан ҳисоблашиши керак бўлади. Аниқ режа тузинг ва барчасини халқ билан маслаҳатлашинг. Мен доим афғон халқи билан бўламан. Яшасин Афғонистон”, дея сўзини якунлаган Ашраф Ғани.
Таъкидлаш керакки, Ашраф Ғани Афғонистонни тарк этгач, қаерга кетгани ҳозирча номаълум. Дастлаб у Тожикистонга йўл олгани айтилганди. Кейинроқ, Ғанининг самолёти Омон султонлигига боргани ҳақида маълумотлар тарқалди. Сўнгги хабарларга кўра эса Ашраф Ғани рафиқаси билан Тошкентга келган. Аммо бу маълумот расман тасдиқланмаган.
LiveБарчаси