Мени айбдорга чиқаришди – Ғани “Толибон”га енгилишининг асосий сабабини айтди
Олам
−
30 Декабрь 2021
14217Афғонистоннинг собиқ Президент Ашраф Ғани бошлиқ ҳукумати АҚШнинг 45-Президенти Дональд Трамп даврида 2020 йил февралида “Толибон” ҳаракати билан тузилган ва НАТО кучларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишни кўзда тутувчи келишув сабаб мағлубиятга учради. Бу ҳақда Ашраф Ғани BBC’га берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Тинчлик жараёни ўрнига биз чекиниш жараёнини қўлга киритдик”, дейди Ғани ва келишув унинг ҳукуматини “йўқ қилганини” қўшимча қилди.
Шунингдек, у Қобулнинг “Толибон” томонидан босиб олинишига олиб келган нотўғри ҳисоб-китоблар учун унинг ҳукумати масъул эканини тан олди. Айниқса, Ғани ўз хатолари орасида “халқаро ҳамкорлар”га ҳаддан ташқари ишониб қолганини кўрсатди.
“Менинг бутун ҳаётимдаги меҳнатим барбод бўлди. Менинг қадриятларим оёқ ости қилинди ва улар мени айбдорга чиқаришди”, деб хулоса қилган собиқ Президент.
Аввалроқ Ашраф Ғани Қобулдан қандай қилиб қочганини гапириб бергани ҳақида хабар берган эдик.
Маълумот учун, жорий йилнинг 15 август куни "Толибон" ҳаракати Афғонистон пойтахтини эгаллаб, ҳокимиятни қўлга олди. Ҳаракат 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлигини тузди. Президент Ашраф Ғани мамлакатдан қочиб кетди. Кейинроқ тарқалган маълумотларга кўра, у дастлаб Ўзбекистонга, сўнг БААга учган.
Жорий йилнинг 6 сентябрь куни “Толибон”га бўйсунмай турган ягона вилоят – Панжшерни эгаллагач, 7 сентябрь куни ҳаракат раҳбарлари муваққат ҳукуматни шакллантирди.
Қайд этиш керакки, толиблар Афғонистонда ҳокимиятга келгач, минглаб афғонлар ватанини тарк этди ва бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда. Толибларни Афғонистонда тарафдорлари кўплигига шубҳа йўқ, бироқ улар ҳокимиятга келгач кўплаб қийинчиликларга учрамоқда. Айниқса, молиявий томондан йўқотишлар катта.
LiveБарчаси