“Толибон” Қундузда ўзбек журналистни ҳибсга олди
Олам
−
13 Январь 9294 3 дақиқа
Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати ўзбек миллатига мансуб бўлган, “Uranus TV” журналисти Назира Рашидийни ҳибсга олди. Бу ҳақда Рашидийнинг синглиси Ҳажира Рашидий QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Билдирилишича, журналист бир ҳафтадан бери “Толибон” зиндонида қўллари ва оёқлари занжир билан маҳкамланган ва жуда ёмон шароитда сақланмоқда.
Рашидий икки нафар фарзанднинг онаси, оиланинг ягона боқувчиси ҳисобланади. Унинг турмуш ўртоғи Ашраф Ғани бошчилигидаги собиқ республика даврида ҳарбий бўлган ва 2021 йилда “Толибон” ҳукуматни эгаллаши вақтида гуруҳ томонидан ўлдирилган.
“Толиблар ўз назоратидаги оммавий ахборот воситалари ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда опамнинг журналистик фаолиятидан фойдаланиб, унга қарши ҳуқуқий ва хавфли иш қураётирлар. Улар аввал унинг обрўйи ва ижтимоий мақомига зарба беришга ҳаракат қилишмоқда ва кейинги чораларни амалга ошириш учун замин яратмоқдалар”, дейди Ҳажира Рашидий.
Қолаверса, журналистнинг синглиси бутун дунёдаги ўзбек ва бошқа туркий жамоалар, сиёсатчилар, олимлар ва таъсир доираси юқори шахсларни Назира Рашидийга озодлик бериш ва унинг ҳаёти, обрўйини ҳимоя қилиш учун ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали кенг кўламли кампания бошлашга чақирган.
“Чунки эртароқ ҳаракат қилмасак кеч бўлади. Шунингдек, биз Ўзбекистон Республикаси Президентидан илтимос қиламизки, тезда чора кўрсин ва Назира Рашидийнинг озодлиги, ҳаёти ва обрўйини ҳимоя қилсин”, дейди у.
Ушбу воқеалар фонида “Толибон” Назира Рашидийнинг ҳибсга олинганини тасдиқлар экан, уни яна тўрт нафар аёл билан бирга “жиноий иш” доирасида қўлга олинганини маълум қилди.
“Толибон”нинг Қундуз вилояти хавфсизлик қўмондонлиги матбуот котиби Жума ул-Дин Хокисор 2026 йил 12 январь куни Рашидий ОАВдаги фаолияти билан боғлиқ ҳолда ҳибсга олинмаганини таъкидлаган. Бироқ “жиноий иш” доирасида ҳибсга олингани бўйича аниқ тафсилотларни очиқламаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати Мозори Шариф шаҳрида Темурийлар даврида яшаган буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалини бутунлай бузиб ташлагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур масала юзасидан расмий изоҳ олиш мақсадида “Толибон” муваққат ҳукумати вакиллари билан боғланган. Бунинг ортидан Маршал Абдулрашид Дўстум ва қизи Роҳила Дўстум “Толибон”га таҳдид қилиб, “Толибон” эртами-кечми ўз қилмишлари учун пушаймон бўлишини таъкидлаган.
Афғонистон томони ўша пайтда Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган жой аллома хотирасига муносиб эмаслиги, шоир ва мутафаккир шарафига янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги сабабли ҳайкал маҳаллий ҳокимият томонидан олиб ташлангани, яқин орада янги ёдгорлик барпо этилиши ҳақида ваъда берган эди. Аммо ҳануз бу ваъда амалга оширилмади.
Шунингдек, 2023 йилнинг февраль ойида ҳам Мозори Шарифдаги Алишер Навоийнинг ўша ҳайкали қисман бузиб ташланган эди. Шунда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов бу ҳолатни “вандализм” деб атаган ва Афғонистон вакилларига таяниб, ҳайкални бегона шахслар вайрон қилганини билдирган.
Жорий йилнинг 2 январь кунига келиб, ўзбеклар энг кўп яшовчи Саманганда университет пештоқидан ўзбек ва форс тилларидаги ёзув олиб ташланди. Бунинг ортидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзбек тилига нисбатан чекловлар вазирликда ташвиш уйғотишини билдирди. 6 январь куни Ташқи ишлар вазирлигининг масъул вакиллари тезкор равишда Афғонистон томони билан боғланганда, “Толибон” ўзбек тилига тақиқ қўймасликка ваъда берди. Танқидлар ортидан, жорий йилнинг 11 январь куни “Толибон” Саманганда университет пештоқига ўзбек тилини қайта киритди.
Live
Барчаси