“Менга икки дақиқа вақт беришди”. Ашраф Ғани илк бор Афғонистондан қандай қочганини айтиб берди
Олам
−
30 Декабрь 2021
32260Афғонистоннинг собиқ Президенти Ашраф Ғани “Толибон” ҳаракати вакиллари билан жанглар натижасида Қобул вайрон бўлишининг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 15 август куни мамлакатни тарк этганини айтди. Бу ҳақда у BBC’га берган интервьюсида айтиб ўтган.
“Толибон”нинг икки хил гуруҳи икки томондан олдинга силжиб борарди. Улар ўртасида кенг кўламли тўқнашув келиб чиқиши, беш миллионлик шаҳар ва одамлар ҳаётининг вайрон бўлишига олиб келадиган катта хавф бор эди”, деган собиқ давлат раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, жангарилар дастлаб Қобулга кирмасликка келишиб олишган, бироқ икки соат ичида бу ваъдадан ҳеч нарса қолмаган. Шу билан бирга, ҳозир БААда истиқомат қилаётган сиёсатчи 15 август куни эрталаб, бу унинг Афғонистондаги сўнгги куни бўлишини тасаввур ҳам қилмаганини тан олган.
Ғанининг таъкидланишича, у аввалига фақат рафиқаси Рула ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдуллоҳ Моҳибни Кобулдан эвакуация қилишга рози бўлган, ўзи эса Афғонистон Мудофаа вазирлигидаги йиғилишга бориш учун махсус машина келишини кутган. Бироқ, собиқ президентнинг сўзларига кўра, машина келмаган. Унинг ўрнига Президент тан соқчилари бошлиғи унинг олдига келиб, давлат раҳбарининг ҳаётига ҳақиқий таҳдид борлиги сабабли мамлакатни тарк этишни тавсия қилган.
“У менга икки дақиқадан кўп вақт бермади. Дастлабки режаларга кўра, Хостга (Афғонистон жануби-шарқидаги шаҳар) учишга тайёргарлик кўришим керак эди. Лекин у Хост ҳам, Жалолобод ҳам қулаганини айтди. Биз қаерга учишимизни билмадим. Ҳавога кўтарилганимиздан кейин Афғонистонни тарк этаётганимиз маълум бўлди.Бу жуда кутилмаган бўлди”, дейди Ғани.
Шу билан бирга, Ғани мамлакатдан учиб кетаётганда ўзи билан катта миқдорда пул олиб кетгани ҳақида ОАВда пайдо бўлган хабарларни рад этди.
“Қатъий равишда айтмоқчиманки, мен мамлакатдан ҳеч қандай пул олиб чиқмаганман. Қандай яшаётганимни ҳамма билади. Мен пулларни нима қиламан?”, дейди собиқ давлат раҳбари.
Маълумот учун, жорий йилнинг 15 август куни "Толибон" ҳаракати Афғонистон пойтахтини эгаллаб, ҳокимиятни қўлга олди. Ҳаракат 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлигини тузди. Президент Ашраф Ғани мамлакатдан қочиб кетди. Кейинроқ тарқалган маълумотларга кўра, у дастлаб Ўзбекистонга, сўнг БААга учган.
Жорий йилнинг 6 сентябрь куни “Толибон”га бўйсунмай турган ягона вилоят – Панжшерни эгаллагач, 7 сентябрь куни ҳаракат раҳбарлари муваққат ҳукуматни шакллантирди.
Қайд этиш керакки, толиблар Афғонистонда ҳокимиятга келгач, минглаб афғонлар ватанини тарк этди ва бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда. Толибларни Афғонистонда тарафдорлари кўплигига шубҳа йўқ, бироқ улар ҳокимиятга келгач кўплаб қийинчиликларга учрамоқда. Айниқса, молиявий томондан йўқотишлар катта.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь