Ашхободда МО ва ЕИ вазирларининг 20-учрашуви бўлиб ўтди
Олам
−
27 Март
2109Бугун, 27 март куни Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари вазирларининг 20-учрашуви ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашувда Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ТИВ раҳбарлари иштирок этган. Учрашувда 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммитига тайёргарлик кўриш, шунингдек, кенг кўламли масалалар, жумладан, ҳозирги геосиёсий вазиятнинг минтақавий оқибатлари, транспорт ва рақамли ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, энергетика, сув ресурслари, савдо, таълим ва фан соҳаларидаги ҳамкорлик муҳокамаларнинг асосий мавзулари бўлган.
Қолаверса, учрашувда Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили ва Европа Комиссияси вице-президенти Кая Каллас ҳам иштирок этган.
Маълумот учун, 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити бўлиб ўтади. Европа Кенгаши раиси Антонио Кошта ва Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ушбу саммитда қатнашиш учун Ўзбекистонга келади. Тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари иштирокида бўлиб ўтади. 4-5 апрель кунлари эса “Silk Road Samarkand” конгресс марказида биринчи Самарқанд иқлим форуми бўлиб ўтади. Форумда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи, БМТ, халқаро молия институтлари ва етакчи экология ташкилотлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас Тошкентга келиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиши ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси