Антонио Кошта ва Урсула фон дер Ляйен Ўзбекистонга келади

Жамият

image

Европа Кенгаши раиси Антонио Кошта ва Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Ўзбекистонга ташриф буюриб, жорий йил 3-4 апрель кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган биринчи “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммитида иштирок этади. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари иштирокида ўтказилади.

“Саммит Европа Иттифоқи учун Марказий Осиё билан икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ўзининг геосиёсий манфаатини намойиш этиш учун муҳим имконият бўлади. Геосиёсий ландшафт ўзгараётган шароитда – Россиянинг Украина билан ноқонуний тажовузкор уруши ва Афғонистондаги давом этаётган воқеалар фонида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар тобора стратегик аҳамият касб этмоқда”, дейилади Европа Иттифоқи ваколатхонасининг баёнотида.

Саммит давомида Европа Иттифоқи Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги мажбуриятини тасдиқлашни режалаштирмоқда. Музокараларда транспорт ва рақамли боғлиқлик, стратегик хомашё, иқтисодиёт ва хавфсизлик, экологик тоза ва самарали энергия манбаларига ўтиш каби ўзаро манфаатли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Тойво Клаар билан учрашган, ва апрель ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммитига кўрилаётган икки томонлама тайёргарлик масалаларини муҳокама қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Кенгаши Урсула фон дер Ляйен Еврокомиссия Антонио Кошта “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг