Европа хавотирда: ЕИ Россиядан ўлат бўйича ишончли маълумот сўради
Олам
−
09:15 1012 2 дақиқа
Еврокомиссия Россияни Сибирдаги лабораторияда содир бўлган воқеа бўйича ишончли эпидемиологик ва микробиологик маълумотларни ўз ичига олган шаффоф ҳисоботларни тақдим этишга чақирди. Бу ҳақда кеча, 7 октябрь куни Брюсселда бўлиб ўтган брифингда Еврокомиссиянинг расмий вакили маълум қилди.
Еврокомиссия Иркутск ўлатга қарши институти ходими Дарья Шипилованинг тўсатдан вафот этиши ва ушбу ҳодисани келтириб чиқарган Россияда ўпка ўлатининг эҳтимолий авж олишидан хавотирлар фонида Москвани “яқин орада Сибирдаги лабораторияда содир бўлган воқеа бўйича шаффоф ҳисоботлар беришга” чақирди. Шунингдек, ишончли эпидемиологик ва микробиологик маълумотларни тақдим этишни сўради.
ЖССТ Россия соғлиқни сақлаш органлари билан алоқада бўлиб турганини маълум қилди. Ташкилот маълумотларига кўра, Россия томони сўнгги вақтларда Иркутск вилоятида ўлат ҳолатлари қайд этилмаганини билдирган. Марҳума билан мулоқотда бўлганлар текширувдан ўтказилган ва тиббий назоратга олинган. Бунда уларда хавфли патогенлар аниқланмаган. ЖССТ оғир пневмония сабаблари ҳақида қўшимча маълумот сўраган ва алоҳида келиб чиқиши аниқланмаган пневмонияга чалинган иккинчи ходим ҳақидаги хабарларга изоҳ беришни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 2 октябрга ўтар кечаси Шелехов туман шифохонасида ўлатга қарши институтда ишлаган 28 ёшли Дарья Шипилова вафот этганди. ОАВ унинг ўлимини ўпка ўлати билан зарарланишга боғлади. 1 октябрь куни шифохонанинг бир нечта бўлимларида беморларни қабул қилиш ва чиқариш тўхтатилди. Аёл билан мулоқотда бўлган 197 киши тиббий назоратга олинди.
4 октябрь куни Роспотребнадзор ходимда ноаниқ этиологияли пневмония – келиб чиқиши аниқланмаган ўпка яллиғланиши бўлганини маълум қилди. Идора маълумотларига кўра, унинг таҳлилларида касбий фаолияти билан боғлиқ микроорганизмлар топилмаган. Аёл билан мулоқотда бўлганларда COVID-19 ва риновирус инфекциясининг иккитадан ҳолати аниқланган. Бошқа қўзғатувчилар топилмаган.
6 октябрь куни Шелехов тумани раҳбари ўринбосари Елена Софина “хавфли ташхис” тасдиқланмаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, эҳтиёт чораси сифатида карантинга жойлаштирилган одамларнинг 60 фоизи аллақачон қўйиб юборилган. Маҳаллий ОАВ аввалига чекловлар 200 га яқин кишига таъсир қилганини хабар қилган эди.
Иркутск вилоятидаги ўлат ҳақидаги хабарлар фонида Марказий Осиё мамлакатлари чегарада санитария назоратини кучайтиришни бошлади. Россия билан қуруқликдаги чегарасига эга бўлмаган Ўзбекистон ҳукумати бундай чораларни 3 октябрь куни жорий этди. Сўнгра Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам кучайтирилган санитария-карантин назоратини ўрнатди. Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков мамлакатда ўлат касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор эканини ва хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқлигини маълум қилди.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь