Аш-Шаранинг терроризмга қарши курашдаги иродасидан мамнунмиз – Эрдўған

Олам

image
Эмина Эрдўған аш-Шаранинг рафиқаси билан учрашди north_east

Эмина Эрдўған аш-Шаранинг рафиқаси билан учрашди

Туркия энг умидсиз ва оғир кунларда муаммога дучор бўлган Сурия халқини ташлаб кетмаган, Анқара янги даврда ҳам уларга керакли ёрдамни беради. Бу ҳақда кеча, 4 февраль куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Суриянинг ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шара билан учрашувдан сўнг ўтказган қўшма матбуот анжуманида сўз очди.

“Сурия халқи 13,5 йилдан бери ҳар хил ваҳшийликларга учради. Улар ҳар хил ғайриинсоний қирғинларга, жумладан, кимёвий қуроллардан фойдаланишга дучор бўлди. 1 миллионга яқин суриялик биродаримиз, афсуски, собиқ режим ва террор ташкилотларининг ҳужумлари оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Миллионлаб сурияликлар уйларини, туғилган жойларини ва туғилган юртларини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Лекин шунга қарамай, Суриянинг мард ўғлонлари золим режим ва унинг тарафдорларига қарши курашдан ҳеч қачон тўхтамади. Якунда, 8 декабрь ҳолатига кўра, ғалаба Сурия халқиникидир. Аввало, азиз биродарим Аҳмад аш-Шара ва унинг тимсолидаги бутун Сурия халқини кураш ва ғалаба билан табриклайман”, деди Эрдўған.

Унинг айтишича, Суриядаги 13 йиллик жанглардан сўнг мамлакат тарихида янги саҳифа очилган.

“Сурия халқида ўз келажагини белгилаш иродаси бор. Туркия Сурия халқини энг умидсиз ва оғир кунларида ёлғиз қолдирмади. Янги даврда уларга керакли ёрдамни берамиз. Бугунги тарихий ташрифни мамлакатларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва ҳамкорлик даврининг бошланиши деб биламан. Ўтган икки ой давомида барча муассаса ва ташкилотларимиз ўзаро муносабатларимизни стратегик даражага қайтариш учун жадал саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

Хабарингиз бор, 15 январь куни мен янги ҳукумат ташқи ишлар вазирини қабул қилдим. Ўйлайманки, келгуси даврда ўзаро ташриф ва алоқаларимиз янада фаоллашади”, деди Эрдўған.

Мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги ва бирлигини сақлаб қолиш ҳар доим Сурияга нисбатан сиёсатининг асоси бўлганини таъкидлаган Эрдўған аш-Шара билан учрашувининг ана шу тамойил асосидаги самимий муҳитда ўтганини қайд этди. Туркия Президентининг айтишича, томонлар Сурияда хавфсизлик ва иқтисодий барқарорликни ўрнатиш учун ташланиши мумкин бўлган муштарак қадамларни баҳолаган.

“Хусусан, Сурия шимоли-шарқини ишғол қилган бўлгинчи террор ташкилоти ва унинг тарафдорларига қарши ташланиши керак бўлган қадамларни муҳокама қилдик. Мен Сурияга терроризмнинг ҳар қандай кўринишига, хоҳ ИШИД бўлсин, хоҳ КИПга қарши курашда керакли ёрдамни беришга тайёрмиз, дедим. Шунингдек, биз Сурия шимоли-шарқидаги лагерларни назорат қилиш доирасида улар билан бирга эканлигимизни тасдиқладик. Аҳмад аш-Шаранинг терроризмга қарши курашдаги кучли иродасидан мамнун эканимизни билдирмоқчиман. Мамлакатларимизни ва минтақамизни сақлаб қолиш нуқтаи назаридан, бизнинг саъй-ҳаракатларимизни бир мақсад йўлида бирлаштиришдан бошқа йўл йўқлиги аниқ. Умид қиламанки, биз ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиб, умумий географиямизда терроризмсиз тинчлик ва ишонч муҳити тўлиқ ҳукм суришига эришамиз”, деди Туркия Президенти.

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, етакчилар мулоқот чоғида кенг кўламли сиёсий воқеаларни муҳокама қилган.

“Ушбу муҳим жараёнда биз сурияликларнинг иродасини акс эттирувчи инклюзив ва кенг қамровли ёндашув асосида мамлакат бошқарувини ташкил этишга катта аҳамият берамиз. Биз гуманитар ёрдам кўрсатишга, шунингдек, Суриядаги вайрон бўлган шаҳарлар ва муҳим инфратузилма объектларини тиклашда кўмак беришга тайёрмиз. Суриянинг иқтисодий ривожланиши жадаллашгани сари ихтиёрий қайтишлар ҳам жадаллашади. Бошқа томондан, Сурияга қарши қатор халқаро санкциялар мамлакатнинг иқтисодий ва инфратузилмасини тиклашга тўсқинлик қилмоқда. Қувилган режимга қарши санкцияларни олиб ташлашга қаратилган ҳаракатларимиз қисман енгилликка олиб келди. Бироқ, биз тўлиқ натижага эришмагунимизча, саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз”, деб таъкидлади у.

Президент Туркиянинг Сурия халқини ҳеч иккиланмасдан қўллаб-қувватлашини биринчи кунданоқ аниқ қадамлар билан кўрсатганини яна бир бор эслатди. Эрдўған нутқини қуйидаги сўзлар билан давом эттирди:

“Дамашқдаги элчихонамиз ортидан Ҳалабда бош консуллик очдик. Турк Ҳаво Йўллари Дамашққа парвозларни бошлади. Дипломатия соҳасида биз янги маъмуриятнинг дастлабки икки ойида ўз овози ва эзгу ниятларини минтақада ва халқаро майдонда эълон қилиш учун қўлимиздан келганини қиламиз. Янги маъмурият вакилларининг мамлакатимизга ташрифларидан ташқари, Туркиядан вазирлар ва расмийлар Дамашққа ташриф буюришди. Бу келажакда ҳам давом этади. Биз барча соҳаларда – савдодан тортиб фуқаро авиациясигача, энергетикадан тортиб соғлиқни сақлаш ва таълимгача бўлган муносабатларимизни кўп қиррали тарзда ривожлантирмоқдамиз”, деди Эрдўған.

Туркия Президенти Сурия халқи тез орада мамлакатни тиклашда муваффақиятга эришишига ишонч билдирди.

“Бутун минтақани ва мазлумларни қаршилик кўрсатиш қатъияти билан илҳомлантирган суриялик биродарларимиз ўз мамлакатларини оёққа турғизишларига шубҳамиз йўқ ва биз Сурия халқининг ютуқлари билан фахрланамиз. Араб ва ислом оламининг бу жараёнда янги бошқарув ва Сурия халқига зарур моддий ва маънавий ёрдам бериши муҳим. Биз ўзаро ташрифларни минтақавий масъулият нуқтаи назаридан жуда қимматли деб биламиз ва уларни олқишлаймиз”, дея хулоса қилди Ражаб Тойиб Эрдўған.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил декабрда Сурияда ҳокимиятни эгаллаган Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) жорий йил 29 январь куни мамлакатнинг ўтиш давридаги президенти деб эълон қилинганди. 2 февраль куни у Саудия Арабистонига илк хорижий ташрифини амалга оширди. Мазкур ташриф доирасида у Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашди. 3 февраль куни у Макка шаҳрида Умра зиёратини амалга оширди. Унга Каъба эшиклари ҳам очиб берилди. Аш-Шаранинг 2-хорижий сафари Туркияга бўлди. Аш-Шара музокаралар чоғида ҳукм сурган ижобий атмосфера учун Эрдўғанга  миннатдорлик билдириб, Туркия Президентини энг қисқа вақт ичида Сурияга ташриф буюришга таклиф қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Анқара Аҳмад аш-Шара

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг