Арманистон ўрнатган миналар БМТда жиддий хавотир уйғотмоқда
Олам
−
30 Сентябрь 2023
5304Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессияси раиси Дэннис Фрэнсис Арманистон томонидан Озарбайжон ҳудудларига ётқизилган миналар жиддий ташвиш уйғотаётганини билдирди. Бу ҳақда у Нью-Йоркдаги Бош Ассамблея сессияси якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Журналистларнинг Арманистон босқинчилик йилларида Озарбайжон ҳудудларига 1 миллионга яқин мина қўйгани ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Дэннис Фрэнсис бу ҳолат жиддий хавотир уйғотаётганини айтган.
Унинг таъкидлашича, халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, қуролли тўқнашувларда айрим турдаги қуроллардан фойдаланмаслик керак. Фрэнсис барча томонларни халқаро ҳуқуқ талабларига риоя қилишга чақирган.
Маълумот учун, Арманистон қарийб 30 йил давомида Қорабоғ минтақасини миналарга тўлдириб ташлаган ва 2020 йилдаги 44 кунлик урушда мағлуб бўлган бўлса-да, ҳамон халқаро талабларни бажармай, Озарбайжон томонига миналанган ҳудудлар харитасини бермай келмоқда. Ушбу ҳудудларда эса ўтган икки йил ичида кўплаб ҳарбийлар ва журналистлар ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 сентябрига ўтар кечаси Қорабоғда Арманистон Қуролли кучларининг қўпорувчи-диверсив гуруҳи томонидан ўрнатилган танкка қарши мина портлаб кетиши ортидан олти нафар озарбайжонлик ҳалок бўлганди. Ўша куни Баку “маҳаллий аксилтеррор чоралари” бошланганини эълон қилди ва арман ҳарбийларини минтақадан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Ереван Қорабоғда арман Қуролли кучлари йўқлигини таъкидлаб, содир бўлаётган воқеаларни “кенг кўламли тажовуз” деб атади. 20 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда аксилтеррор тадбирларини тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. 28 сентябрь куни халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси унинг раҳбари Самвел Шаҳраманян томонидан имзоланган фармон билан тугатилди.
LiveБарчаси