Арипов Евросиё ҳукуматлараро кенгашининг йиғилишида қатнашди
Олам
−
31 Январь
2129Бугун, 31 январь куни Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган Евросиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи мақомида иштирок этди. Бу ҳақда Бош вазир матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Беларусь Республикаси раислигида ўтган йиғилишда Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов, Беларусь Бош вазири Роман Головченко, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Одилбек Қосималиев, Россия Ҳукумати раиси Михаил Мишустин, Арманистон Бош вазири ўринбосари Мгер Григорян, Евросиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Бахитжон Сагинтаев ҳамда ЕОИИда кузатувчи-давлат сифатида Эрон Биринчи вице-президенти Муҳаммад Ареф ва Куба Бош вазири Мануэль Крус (видео мурожаат орқали) ҳамда Озарбайжон Бош вазири Али Асадов меҳмон мақомида қатнашган.
Шунингдек, Ўзбекистон кузатувчи сифатида ЕОИИнинг кўп томонлама йиғилишларида Иттифоқ давлатлари ва органлари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш ташаббуслари билан фаол иштирок этаётгани таъкидланган.
Қолаверса, йиғилишда Ўзбекистон Бош вазири Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил декабрь ойида бўлиб ўтган Олий Евросиё саммитида илгари сурган ташаббусларини қўллаб-қувватлашга ҳамда амалга оширишга чақирган.
Йиғилиш якунлари бўйича қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинган:
-
“ЕОИИ давлатларининг хўжалик юритувчи субъектлари томонидан агросаноат мажмуаси соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишда молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларидан фойдаланиш тўғрисида”ги топшириқ;
-
“ЕҲКнинг 2024 йилда қабул қилинган айрим қарорлари бажарилиши ҳолати тўғрисида”ги топшириқ;
-
“ЕОИИга аъзо давлатлардаги макроиқтисодий вазият ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича таклифлар тўғрисида”ги фармойиш;
-
“Олий Евросиё иқтисодий кенгашига ЕИК Кенгаши аъзоси номзодини тақдим этиш тўғрисида”ги фармойиш;
-
“ЕОИИ давлатларида ташкил этилган аукционларда қимматли қоғозларни жойлаштириш ва муомалага чиқариш учун трансчегаравий рухсат тўғрисида”ги битим.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 31 январь куни Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси – Президент Администрацияси раҳбари Одилбек Қосималиев билан икки томонлама учрашув ўтказганди. Қайд этилишича, учрашувда мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ришталари ва яхши қўшничиликка асосланган кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани, муҳим қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланган.
LiveБарчаси
01 Март