Апрелдан 10 та давлат хизмати онлайн форматга ўтказилади
Жамият
−
04 Февраль 2020
5538Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб яна 10 та давлат хизмати онлайн форматга ўтказилади. Бу Президентнинг 2020 йил 31 январдаги ПФ-5930-сон фармонида назарда тутилган, деб хабар бермоқда "Норма".
1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳрида қуйидаги давлат хизматларини фақат ЯИДХП ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий сайтлари орқали олиш мумкин:
• Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилмаган ёввойи ўсимликлар ва уларнинг қисмларини олиб кириш ва олиб чиқишга рухсатнома;
• Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилмаган ёввойи ҳайвонлар, уларнинг қисмлари, ҳаёт фаолияти маҳсулотлари, зоология коллекциялари, трофейлар, тулумларни олиб кириш ва олиб чиқишга рухсатнома;
• Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилмаган ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва кўпайтириш бўйича питомникни, шунингдек, зоологик коллекцияларни ҳисобга қўйиш тўғрисидаги гувоҳнома;
• Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестридан тадбиркорлик субъектининг ўзи тўғрисида кўчирма;
• Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестридан кўчирма, махфий ахборот бундан мустасно;
• Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестридан сўралаётган ахборот ва (ёки) ҳужжат мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш;
• Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестридан тадбиркорлик субъектлари рўйхатини электрон шаклда бериш, олиш имконияти қонун ҳужжатлари билан чекланган маълумотлар бундан мустасно;
• манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш;
• солиқ тўловчи жисмоний шахсларни солиқ органларида ҳисобга қўйиш, СТИР бериш;
• якка тартибдаги тадбиркорнинг рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини тўхтатиб туриш.
Бунда Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими уни юритиш ва техник қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча вазифалар юклатилган ҳолда Давлат хизматлари агентлигига ўтказилди.
Шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги маҳаллаларда Давлат хизматлари марказлари филиаллари босқичма-босқич очилади. Шу тарзда маҳаллий аҳолига кенг қамровли, шу жумладан мобиль (сайёр) давлат хизматларини кўрсатиш, ЯИДХПдан фойдаланиш бўйича маслаҳатлар бериш таъминланади. Филиаллар маҳаллаларнинг фуқаролар йиғинлари биноларида, бироқ зарур ҳолларда эса - алоҳида, шу жумладан ДХШ шартлари асосида қурилган биноларда жойлаштирилади.
Агентлик тузилмасида янги давлат хизматларини рақамлаштириш бошқармаси ташкил этилади. Унинг ходимлари давлат хизматлари кўрсатишда қўлланиладиган электрон маълумотлар базаларини шакллантириш учун маълумотларни рақамлаштириш билан шуғулланади. Ушбу йўналишда яқин уч йил учун мўлжалланган ишлар режаси тасдиқланди.
Суғурта компанияларига Давлат хизматлари марказлари эгаллаб турган биноларда ва ҳудудларда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаларини тузиш ҳамда мажбурий суғурта қилиш бўйича хизматлар рекламасини жойлаштиришга рухсат берилди.