Анқарада теракт уюштирганлар Суриядан парапланда учиб келган – Туркия ИИВ

Олам

image

Туркия пойтахти Анқара шаҳридаги Ички ишлар вазирлиги биноси ёнида теракт уюштирган худкуш-террорчилар мамлакат ҳудудига Суриядан моторли параплан (моторли парашют) ёрдамида учиб келган. Бу ҳақда Туркия Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя маълум қилди

Унга кўра, жорий йилнинг 1 октябрь куни вазирлик биноси ёнида теракт содир этган террорчилар ҳеч қандай йўл билан Туркия чегарасини кесиб ўтмаган. Катта эҳтимол билан улар ҳаво орқали мотопарапланда учиб келган. 

“Жиноятчилар ҳужумдан бир кун олдин Қайсари вилоятида машина эгасини ўлдирган ҳолда унга эга чиқиб, Анқара томонга отланган. Маҳаллий аҳоли ўғирлик ҳақида полицияга хабар берган, бироқ автомашина рақами транспорт воситаларининг республика базасида эмас, балки вилоят ҳудудида қидирувга берилган. Шу боис террорчилар Анқарага осонлик билан кириб келган”, дейди Али Ерлиқоя.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 октябрь куни тонгда Анқарадаги Туркия Ички ишлар вазирлигининг Хавфсизлик бош бошқармасида теракт содир этишга уриниш бўлди. Икки эркак машинада бино олдига борган. Улардан бири ўзини портлатиб юборган, иккинчи террорчи отиб ўлдирилган. 

Шундан сўнг, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакатнинг тинчлик ва хавфсизлигини бузишга уринаётган террористлар ҳеч қачон мақсадларига эриша олмаслигини айтиб чиқди. Курдистон ишчилар партияси террорчи ташкилоти мазкур теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди

Теракт ортидан мамлакатда “Қаҳрамонлар” операцияси бошланди. Туркия хавфсизлик кучлари кенг кўламли операция доирасида 900 дан ортиқ кишини терроризмга алоқадорликда гумон қилиб қўлга олди.

Кейироқ Туркия Ички ишлар вазирлиги Анқарадаги Ички ишлар вазирлиги биноси ёнида теракт уюштирган худкуш-террорчининг шахсини аниқлади, у республикада тақиқланган Курдистон Ишчилар партияси (КИП) аъзоси бўлиб чиқди


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия теракт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг