“Терроризмнинг сўнгги нафаси”. Эрдўған Анқарадаги теракт ҳақида фикр билдирди
Олам
−
01 Октябрь 2023
11688Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған аввалроқ Анқарадаги терактга уриниш бўйича изоҳ бериб, мамлакатнинг тинчлик ва хавфсизлигини бузишга уринаётган террористлар ҳеч қачон мақсадларига эриша олмаслигини айтди. Унинг сўзларини “Anadolu” агентлиги келтирмоқда.
Давлат раҳбари Туркия Буюк Миллат Мажлиси (парламенти)нинг кузги сессиясининг очилишида нутқ сўзлаган.
Эрдўған нутқида воқеани террорчиларнинг мамлакатга қарши “сўнгги нафаси” деб атаган.
Унинг таъкидлашича, Туркияда FETO (Туркия ҳукумати томонидан Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги ҳаракатга ишора қилиш учун ишлатиладиган атамадир) ва шунга ўхшаш террорчи ташкилотларнинг "қайта туғилиши" мумкин эмас.
Шунингдек, Президент ўз нутқида Туркия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар мавзусига ҳам тўхталиб ўтган. Туркия раҳбари Брюсселни Анқарага нисбатан ноконструктив позициясидан воз кечишга чақирган.
Туркия Президенти маъмуриятининг алоқа бўлими бошлиғи ҳам бугунги Анқарадаги терактни қоралаб, воқеа юзасидан ваколатли органлар зарур чораларни кўраётганини билдирган.
“Барча шунга ўхшаш вазиятларда бўлгани каби, биз фуқароларимизни дезинформацияга уринишлардан эҳтиёт бўлишни ва расмий манбалардан олинган маълумотларни кузатишни сўраймиз. Биз террорнинг Туркия сиёсатига таъсир қилишига ҳеч қачон рухсат бермаймиз ва террорга қарши барча жабҳаларда курашни давом эттирамиз”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 1 октябрь куни тонгда Анқарадаги Туркия Ички ишлар вазирлигининг Хавфсизлик бош бошқармасида теракт содир этишга уриниш бўлди. Икки эркак машинада бино олдига борган. Улардан бири ўзини портлатиб юборган, иккинчи террорчи отиб ўлдирилган. Ёнғин пайтида икки нафар полициячи енгил тан жароҳати олган.