Андижон давлат чет тиллар институти ташкил этилади
Жамият
−
04 Декабрь 2021
7182Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Андижон давлат чет тиллар институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қарор билан Андижон давлат чет тиллар институти ташкил этилади. Шунингдек, унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:
меҳнат бозори талабларига мос малакали, чет тилларни мукаммал эгаллаган кадрларни тайёрлаш;
етакчи хорижий олий таълим муассасасаларининг чет тиллар бўйича замонавий таълим технологиялари, илғор ва инновацион тажрибаларини қўллаган ҳолда ўқув жараёнини ташкил қилиш;
чет тиллар бўйича миллий ва хорижий профессор-ўқитувчилар билан ҳамкорликда янги авлод ўқув адабиётларини яратиш, ахборот-ресурс марказини замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш ҳамда уларни мунтазам янгилаб бориш;
таълим жараёнини рақамли технологиялар асосида индивидуаллаштириш, вебинар ва онлайн технологияларни амалиётга татбиқ этиш;
халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities каби) рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 1 000 ўринни эгаллаган хорижий олий таълим муассасаларининг тажрибаси ва дастурлари асосида индивидуал таълим траекторияларига асосланган, талабаларда креатив фикрлаш, амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган ўқув режалар ишлаб чиқиш орқали талабалар қизиқишлари ҳамда кадрлар буюртмачилари эҳтиёжларига мувофиқ таълим дастурларини шакллантириш;
халқаро баҳолаш дастурлари (PISA, TIMSS, PIRLS) ва STEAM стандартларидан фойдаланиш, ўқитиш ва баҳолашнинг замонавий шакллари, методлари ва технологияларини жорий этиш ҳамда ушбу билим ва кўникмаларга эга бўлган педагогларини тайёрлаш;
талабаларда мустақил таълим олиш, танқидий ва ижодий фикрлаш, тизимли таҳлил қилиш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ўқув жараёнида компетенцияларни кучайтиришга қаратилган методика ва технологияларни жорий этиш, ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш;
республика ва хорижий олий таълим ҳамда илмий муассасаларига истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Институтнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш.
Қарорга кўра, Институт Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда шахсий ғазна ҳисобварақларига эга давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади. Институтда ўқув жараёни 2022/2023 ўқув йилидан бошланади.
Институтга қабул параметрлари белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.
Институтда таълим фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан сифатли таълим бериш учун етарли шароитлар тўлиқ яратилганлиги тўғрисидаги ижобий хулосаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилганидан сўнг бошланади.
Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, талабаларнинг тўлов-контракт асосида таълим олишидан, шартномалар асосида хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгиланади.
Институтнинг дастлабки фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатлар, жумладан, бино ва иншоотларини жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебеллар, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситалар) харажатлари – Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.