Андижон ҳокими қамалгандан кейин 26 та қарор чиқаргани маълум бўлди

Жамият 12316
image

Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров қамоққа олинган 6 июнь, душанба куни “E-qaror” электрон платформасида Баҳром Ҳайдаровнинг электрон имзоси орқали тасдиқланган 24 ҳужжат жойлангани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Адлия вазирлиги муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан Андижон вилояти адлия бошқармаси томонидан 6 ва 7 июнь кунлари қабул қилинган қарор ва фармойишларнинг қонунийлиги жойига чиқиб ўрганилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг 6 июнь куни Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров соат 16:50 да жиноят иши юзасидан ушланган бўлиб, унга суд ажримига кўра, 7 июнь куни қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси қўлланилган.

2022 йил 6 июнь куни соат 9:43 ва 21:18 оралиғида ҳамда 7 июнь куни 18:10 ва 21:07 оралиғида ҳокимлик девонхонаси мудири С.Қодиржонов томонидан Баҳром Ҳайдаровга тегишли электрон рақамли имзодан фойдаланилган ҳолда “E-qaror” платформасида 26 қарор ва фармойиш имзоланган.

Ҳозирда “UZINFOCOM” МЧЖ мутахассислари томонидан Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаровнинг “E-qaror” электрон тизимидаги шахсий кабинети Адлия вазирлигининг кўрсатмасига асосан блокланган.

“Ушбу жараёнда ҳужжатларни сохталаштириш эҳтимоли борлигини инобатга олиб, тегишли материаллар прокуратура органларига юборилади. Ҳар бир қабул қилинган қарорнинг қонунийлиги ўрганиб бўлмагунча, уларни ижрога қаратиш мақсадга мувофиқ эмаслиги юзасидан тегишли ижрочи органларга хабарлар берилди.

Ўрганиш якунлари бўйича маълумот тақдим этилади”, дейилади муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 июнь куни Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров қамоққа олинди. У жиноий шериклари билан 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда айбланмоқда. Унинг ортидан Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи ҳам ҳибсга олинди.

Айтиш жоизки, дастлаб Баҳром Ҳайдаров  давлат манфаатларига 1 млрд 779 млн сўм зарар етказишда гумонланганди. Андижон шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилаётган жиноят иши доирасида жорий йилнинг 3 февраль куни депутат ва ҳокимни терговга жалб қилиш мақсадида Андижон вилояти прокуратурасига тақдимнома киритилган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида Баҳром Ҳайдаров ҳокимият ҳузуридаги Ер майдонларини ажратиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссия аъзолари билан гуруҳда Ер кодексининг 17, 23, 62-моддалари, қолаверса, Президент ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарор ҳамда фармойишларига зид равишда жисмоний ва юридик шахсларга аукцион орқали ўзининг ваколатидан қасддан фойдаланиб, ер майдонларини тўғридан-тўғри ажратилиши ҳақида мутасадди мансабдорларга кўрсатма бергани аниқланган.

Ҳоким аслида бекор қилинган ҳужжатларни асос қилиб кўрсатган ҳолда, комиссия далолатномалари ва ер ажратиш тўғрисидаги қарорларига сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиб, 2019-2020 йилларда ер майдонларини ажратиш тўғрисидаги қарор ва фармойишларни қабул қилган.

Кейинроқ Бош прокуратура Баҳром Ҳайдаров Андижон шаҳар молия бўлимида ишлаган вақтида 48 млрд маблағларни талон-торож қилишда гумонланаётганини маълум қилди. Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тергов ишида 37 нафар шахс айбланиб улардан 32 нафари ҳибсга олинган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 244
Рейтинг: 3
t
×