Алиев Қорабоғда урушни тўхтатишга тайёрлигини айтди
Олам
−
04 Ноябрь 2020
6063Арманистон босиб олган ҳудудларини озод қилиш мажбуриятини олса, Озарбайжон Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга тайёр. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “La Repubblica” италян нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Журналист расмий Баку Италия газ ва нефть етказиб берувчи биринчи даражали ҳамкор эканини айтган. У шунингдек, Қорабоғдаги уруш ҳамкорликка таъсир қилмайдими, деб савол берган.
Ўз навбатида, Алиев бундай деб ўйламаслигини айтган.
“Биринчидан, мен уруш қанчалик тез тугаса, шунча яхши деб ўйлмайман. Биз шундай таклиф билдирдик ва у жуда мақбул эди. Ўтган бир ойдан ошиқ вақтда мен бир неча марта айтдим ва яна такрорлайман, агар Арманистон Бош вазири (Никол Пашинян) ҳудуднинг қолган қисмини озод қилиш мажбуриятини олса, биз бугуноқ тўхташга тайёрмиз”, деган Алиев.
Президентнинг сўзларига кўра, ҳозирча Пашинян бундай мажбуриятни олмаган. Алиев БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси тамойилларига кўра, аввал Арманистон бешта, сўнгра яна иккита райондан чиқиб кетиш зарурлигини эслатди.
“Биз бир томонлама тартибда тўртта районни озод қилдик. Шу боис Пашинян Ағдам, Келбежар, Лочин районларининг босиб олинган ҳудудларидан қўшинлар чиқарилишини айтиши керак. Аммо у бундай баёнот бермаяпти. Бу унинг уруш тўхташини истамаётганини англатади”, деган Алиев.
Тоғли Қорабоғ можароси
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кескинлик авж олгандан кейин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни музокаралар столига қайтишга чақирган эди. Президент Владимир Путин эса Никол Пашинян билан мулоқот қилиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишни тавсия қилди. Бу орада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев асосий куч ва дастакни Туркия Республикасидан олаётгани маълум бўлди. Шу куни Туркия ва Озарбайжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар ва Эрдўған турк халқи ва давлати Озарбайжонни бор имконияти билан қўллаб-қувватлашини эслатди.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароли зонасидаги вазият кўп жиҳатдан Россияга боғлиқ. Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг ҳамраиси. 1 октябрь куни гуруҳ ҳамраислари – АҚШ, Россия ва Франция Тоғли Қорабоғ масаласида қўшма баёнот эълон қилдилар.