Алишер Усмонов ҳам санкция остида қолиши мумкин
Олам
−
28 Февраль 2022
9082Европа Иттифоқи Кремль олигархларига санкция қўлламоқчи. Рўйхатга Алишер Усмоновдан тортиб Россия Президенти Владимир Путиннинг Матбуот котиби Дмитрий Песковгача бўлган бойлар киритилмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Қайд этилишича, Европа Иттифоқи Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан энг бадавлат россиялик миллиардерлар ва компаниялар раҳбарларига нисбатан санкциялар қўллашни муҳокама қилмоқда.
Рўйхат ҳали тасдиқланмаган ва ўзгартирилиши мумкин. Ҳозирча, “Bloomberg ” маълумотларига кўра, унинг таркибига Алишер Усмонов, Михаил Фридман, “Альфа-Банк” директорлар кенгаши раиси Пётр Авен ва “Северсталь”нинг асосий эгаси Алексей Мордашов киради.
Шунингдек, Путиннинг Матбуот котиби Дмитрий Песков ва дўсти Сергей Ролдугин ҳам санкциялар остида қолиши мумкин.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь