Алимент тўловчиларга чет элга чиқиш мумкин бўлди. Фақат…
Жамият
−
27 Ноябрь 2025 7984 2 дақиқа
Ўзбекистонда алимент тўловчилар энди суғурта полиси орқали чет давлатга уч ойгача муддатга бориб келиши мумкин бўлади. Бош прокуратура, ИИВ, ДХХ қўшма қарори билан “Суд ҳужжати асосидаги ижро ҳужжатларини узрсиз сабабларга кўра ижро этмаган қарздор жисмоний шахсларнинг Ўзбекистондан чиқишини вақтинча чеклаш бўйича ваколатли давлат органларининг ҳамкорлиги тўғрисида”ги низомга шуни назарда тутувчи қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, алимент тўлаши шарт бўлган шахслар суғурта полисини илова қилган ҳолда илтимоснома билан мурожаат қилганда давлат ижрочиси уларнинг чет давлатга чиқиши бўйича вақтинчалик чекловни тўхтатиб туради. Бу каби суғурта турлари тегишли лицензияга эга бўлган суғурталовчилар томонидан амалга оширилади. Суғурта полисининг мавжудлиги Мажбурий ижро бюроси томонидан Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг ахборот тизимидан автоматик равишда аниқланади.
Алимент тўлаши шарт бўлган, чет давлатга уч ойгача бўлган муддатга бориб келувчи шахслар чет давлатдан қайтиб келмаслиги натижасида алимент тўловларини тўлаш юзасидан фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш суғурта фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлган суғурталовчилар томонидан амалга оширилади.
Алимент тўловларини тўлаш юзасидан фуқаролик жавобгарликни суғурталаш шартлари суғурта фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлган суғурталовчилар ва Мажбурий ижро бюроси ўртасида тузиладиган бош келишувда белгиланади. Ушбу ҳужжат 26 ноябрдан бошлаб кучга кирди. Бунга қадар белгиланган тартибга кўра, давлат ижрочиси қуйидаги ҳолларда қарздорнинг илтимосномасига асосан, қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклашни ҳаракатдан тўхтатиб туриши лозим эди: Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида касалхонага ётқизишни талаб қиладиган қарздорнинг соғлигини тиклаш заруриятини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда, Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарздорни Ўзбекистондан чиқиб кетувчи расмий делегация таркибига киритиш ҳақидаги қарори мавжуд бўлганда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ алимент ва қарздорлик бўйича қидирувдагилар сони эълон қилинганди.
Live
Барчаси