Россияда мигрантлар учун тўловлар кескин кўтарилади

Олам

image

Россияда чет эл фуқаролари учун яшаш гувоҳномасини расмийлаштириш божи 6 минг рублдан 30 минг рублгача оширилади. Солиқ кодексидаги тегишли ўзгартиришларни кеча, 27 апрель куни ҳукуматнинг қонунчилик фаолияти бўйича комиссияси маъқуллади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

“Россия Федерацияси Солиқ кодексининг иккинчи қисмига қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин. 333.28-модданинг 1-бандидаги ўзгартириш: чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномаси берилгани учун 30 минг рубль миқдорида бож белгилансин”, дея ҳужжатдан парча келтиради ТАСС.

Шу билан бирга, яшаш гувоҳномасини расмийлаштириш учун божнинг оширилиши рекорд даражадаги кўрсаткич эмас. Россияда миграция соҳасидаги бошқа давлат божларининг ҳам кенг кўламли оширилиши кутилмоқда.

“Энг кескин қимматлашишлар мамлакатга кириш таклифномаси (ҳар бир таклиф этилган шахс учун 960 рублдан 8 минг рублгача) ва Россия фуқаролигига қабул қилиш ёки ундан чиқиш (4 200 рублдан 50 минг рублгача) учун режалаштирилган. Вақтинча яшаш учун рухсатнома эса 1 920 рублдан 15 минг рублгача оширилади”, дея аниқлик киритган ҳукумат комиссияси аъзоси, Россия юристлар ассоциацияси бошқаруви раиси Владимир Груздев.

Эслатиб ўтамиз, парламент қуйи палатаси раиси Вячеслав Володин 9 апрель куни Давлат думаси мигрантларни мамлакатдан чиқариб юборишга сабаб бўладиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар рўйхатини икки баравар кўпайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама қилишини маълум қилган эди. Ҳуқуқбузарликлар рўйхатини 22 тадан 43 тагача ошириш режалаштирилган. Хусусан, жамоат тартибини бузганлик ҳамда Россия ва Россия армиясини обрўсизлантирганлик учун мигрантларни депортация қилиш таклиф этилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

мигрант Солиқ кодекси чет эл

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг