Алихонов сув билан боғлиқ фожиавий 10 йилликни башорат қилди
Жамият
−
14 Октябрь 2023
24682Яқин 10 йилда Амударё ва Сирдарёда сув сатҳи 10-15 фоизга камаяди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш ва экология масалалари қўмитаси раиси Борий Алихонов Санкт-Петербургда бўлиб ўтган “Тоғли ҳудудларни барқарор ривожлантириш” халқаро форумида маълум қилди.
"Сўнгги 20-25 йил ичида ёзда ёғингарчилик сезиларли даражада камайган. Мавжуд маълумотларга кўра, ҳар дақиқада унумдор минтақанинг тўққиз квадрат метри чўлга айланиб бормоқда", дейди Алихонов.
Унинг билдиришича, бундай жараёнларнинг глобал ва хавфли оқибатларидан бири кўп йиллик музликларнинг – сўнгги 40 йил ичида музлик массасининг 30 фоизининг интенсив эриши ҳисобланади. Бу Амударё ва Сирдарёда сувнинг камайишига олиб келади.
Экспертлар томонидан олиб борилган ўрганишларга кўра, Ўзбекистонда 2030 йилга бориб 7 млрд куб метр сув танқислиги юзага келади. Бу эса мамлакатнинг 33 та сув танқис ҳудудлар қаторига тушиб қолишига сабаб бўлади.
Минтақада сув муаммосининг юзага келиши сабабларидан бири сифатида “Толибон”нинг Қўштепа каналини қуриши кўрсатилади.
Президент Шавкат Мирзиёев "Қўштепа" канали қурилиши юзасидан ўз хавотирларини билдирган эди. Президент унинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сув балансини тубдан ўзгартириши мумкинлигини айтган.
“Моҳият-эътиборига кўра, минтақамизда сувдан фойдаланиш жараёнида бизнинг мамлакатларимиз билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлди. Шу муносабат билан биз Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қиламиз”, деган эди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Президентининг сўзларига ўз муносабатини билдирар экан, “Толибон”нинг Энергетика ва сув вазири вазифасини бажарувчи Абдул Латиф Мансур Афғонистон қўшни давлатлар билан Амударё сувидан фойдаланиш муаммосини муҳокама қилишга тайёрлигини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, “Толибон” Қўштепа канали қурилишининг биринчи босқичини якунлаб,иккинчи босқичини бошлади.
Аввалроқ, германиялик сиёсатчи, Европарламент депутати Виола фон Крамон-Таубадель Европа парламентининг Ташқи ишлар қўмитаси мажлисида Ўзбекистон экологияси ҳақида гапирар экан, мамлакат чўлга айланиб бораётганини алоҳида урғулаган эди.
LiveБарчаси