Қўштепа машмашаси: Марказий Осиёда сув учун “уруш” бошланиши мумкинми?
Таҳлил
−
23 Август 2023
29123Афғонистонда қурилаётган Қўштепа канали доимий қурғоқчиликдан азият чекаётган ҳудудларга сув етказиб бериш орқали қишлоқ хўжалиги ландшафтини ўзгартиришга қаратилган. Қурилиш тугагач, канал 285 километрга чўзилади ва мамлакатнинг қурғоқчил шимолий вилоятларини суғоришга ёрдам беради. Ўзбекистон ва Туркманистон эса бундан хавотирда. Канал Амударё ресурсларини йўналтиради ва совет давридан буён бу манбадан фойдаланган икки давлат учун сув таъминотини тўхтатади. Ўзбекистон ва Туркманистон 2028 йилда сув йўли қуриб битказилганидан сўнг ҳозирги сув оқимининг 15 фоизгача қисмини йўқотиши мумкин. “Cabar.asia” нашри ушбу канал қурилиши Марказий Осиё давлатларига қандай таъсир кўрсатиши бўйича мақола эълон қилди.
Нашрнинг қайд этишича, апрель ойида Ўзбекистон делегацияси Қобулга ташрифи чоғида Афғонистоннинг шимолий вилоятларига сув оқимини йўналтириш режасидан хавотир билдирган. “Толибон” бунга жавобан, Қобул ҳам қўшнилари каби сувдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги ва уч давлат ўртасида бу бўйича расмий келишувлар йўқлигини билдирган.
Ушбу қиймати 684 миллион доллар бўлган лойиҳа қабул қилинишидан олдин бир неча йил давомида ишлаб чиқилган ва тайёргарлик ишлари олиб борилган. Унинг техник-иқтисодий асослаш ишлари АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги USAID кўмагида Афғонистоннинг собиқ ҳукумати даврида бошланган.
“Бу кўп йиллар олдин амалга оширилиши керак бўлган Афғонистонни ривожлантириш лойиҳаси. Бундан Марказий Осиё давлатлари жабр кўриши аниқ, бироқ Афғонистон ўз ривожланиши учун Амударё сувидан фойдаланишга ҳақли”, дейди Германиянинг Штутгарт университетининг сув ва экология бўйича эксперти Нажибулла Садид.
Давлатлар трансмиллий дарёлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканини тасдиқлар экан, Тожикистон Миллий университети халқаро ҳуқуқ профессори Некруз Қодиров бу оқимнинг юқорига ҳам, қуйи оқимига ҳам тегишли эканини таъкидлаган.
“Трансчегаравий дарёларда сув тақсимоти масаласи давлатлараро шартномалар асосида тартибга солинади. Масалан, Тожикистон бу масалада Ўзбекистоннинг ҳуқуқларини поймол қила олмайди. Қолаверса, Афғонистон қуйи оқимдаги давлатлар ҳуқуқларини эътиборсиз қолдира олмайди. Агар Афғонистон ёки Тожикистон фақат ўз манфаатларини ҳисобга олса, Ўзбекистон ва Қозоғистон манфаатлари нима бўлади?", дейди Некруз Қодиров.
Афғонистондаги сувга ташналик ва муаммолар
2021 йил август ойида ҳокимият тепасига келган “Толибон” аввалги ҳукумат бошлаган ишни давом эттирди. Бу вақтга келиб каналнинг етти километри қурилган эди. Қурилиш уларнинг ҳукумати даврида тезлашди ва сунъий йўлдош тасвирлари шуни кўрсатадики, каналнинг тахминан 100 километри 2022 йил мартидан 2023 йил майигача қурилган.
Қайд этиш жоизки, сув Афғонистон учун муҳим ресурс ҳисобланади, чунки мамлакат мисли кўрилмаган гуманитар инқирозга юз тутмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, 17 миллионга яқин аҳолининг 40 фоизи озиқ-овқат етишмаслиги муаммосидан азият чекади. Аҳолининг 80 фоизи тирикчилиги қишлоқ хўжалигига боғлиқ экан, иқлим ўзгаришининг таъсири экинларнинг ўсиш даври ва ҳосилдорлигига жиддий таъсир кўрсатиб, озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солади. Афғонистоннинг чўл ҳудудлари орасида сув ресурсларининг катта захиралари сақланиб қолган.
Мамлакат сувларининг 80 фоизидан ортиғи Ҳиндукуш тоғларидан бошланади, улар ёзда қор эриши билан йил давомида асосий дарёларнинг оқиб туришига асос бўлади. Бироқ, инфратузилманинг етарли эмаслиги сувдан узлуксиз фойдаланиш имконини бермайди. Афғонистондаги тўқнашувлар ва босқинчилик кенг кўламли гидротехник иншоотлар ва каналларнинг ривожланишига тўсқинлик қилган. Нашрга кўра, мамлакатда қурилиш сифати долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Сунъий йўлдошдан олинган суратлар шуни кўрсатадики, қурилиш усуллари ибтидоий бўлиб, канал туби ва қирғоқлари учун ҳақиқий арматура йўқ.
Бу қуруқ қумли тупроққа оқиб тушиши оқибатида сезиларли даражада сув йўқотиш хавфини туғдиради, суғориладиган ерларнинг шўрланиши ва ботқоқланиши билан боғлиқ долзарб муаммоларни янада кучайтиради. Яқинда содир бўлган воқеалар канал тўғонининг қисмлари эрозиясидан далолат беради.
Сув сиёсати
Қайд этилишича, Амударё минтақадаги барча мавжуд сув ресурсларининг 80 фоизини ташкил қилади. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, беш-олти йил ичида канал қуриб битказилганидан сўнг, дарё бўйлаб Туркманистон ва Ўзбекистонга оқиб тушадиган сувнинг ўртача ҳажми унинг умумий қувватининг 50 фоизигача қисқаради.
Айтилишича, бу Ўзбекистонда асосий экин бўлган пахта майдонларини суғориш учун муҳим сув ресурслари етишмаслигини англатади. Умуман олганда, қишлоқ хўжалиги аҳолининг деярли 40 фоизининг турмушида марказий ўрин тутади.
Ўзбекистон Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатда йиллик сув истеъмоли ўртача 51 миллиард куб метрни ташкил этади, бунинг 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келиб, асосан пахта далалари суғорилади.
“Пахта етиштириш аллақачон минтақадаги энг йирик экологик офат – Орол денгизининг қуришига олиб келди”, дейилади мақолада.
Экспертлар томонидан олиб борилган ўрганишларга кўра, Ўзбекистонда 2030 йилга бориб 7 млрд куб метр сув танқислиги юзага келади. Бу эса мамлакатнинг 33 та сув танқис ҳудудлар қаторига тушиб қолишига сабаб бўлади.
Шунингдек, аввалроқ QALAMPIR.UZ Ўзбекистоннинг баъзи ҳудудларида сув камая бошлагани ҳамда ичимлик суви ва оқова сув хизматлари нархи қарийб 2 баробарга қимматлашгани ҳақида хабар берганди.
Нашрга кўра, Амударё Қорақум каналига қуйилиб, 1300 км суғориш ва навигацияни таъминлаб, 1,25 миллион гектарга яқин суғориладиган ерларни сақлаб қолган Туркманистонда ҳам муаммо бундан кам эмас. Дарё сатҳининг ўзгариши аллақачон муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Масалан, 2023 йилнинг июнь ойида Туркманистоннинг шимоли-шарқидаги Лебап вилоятидаги фермерлар ҳудудда сув етарли бўлмагани учун пахта далаларини суғоришда қийналган. Бу эса деҳқонларга олдиндан белгиланган нархларда маълум миқдорда ҳосил эвазига суғориладиган сув, ўғит, уруғлик ва қишлоқ хўжалиги техникасини ваъда қилган ҳукумат учун муаммо туғдирмоқда.
“Иқлим ўзгариши оқибатида сув танқислиги кучайиб бораётгани сабабли, етказиб беришнинг ҳар қандай қисқариши иккала мамлакатда ҳам қишлоқ хўжалигига, ҳам озиқ-овқат хавфсизлигига зарар этказиши мумкин”, дейилади таҳлилда.
Халқаро сув шартномаларига эҳтиёж
Нашрнинг урғулашича, минтақада сувдан фойдаланиш жараёнларини тартибга солувчи барқарор ҳуқуқий механизмларнинг йўқлиги, сув олиш ва дарёларни бошқаришга таъсир кўрсатаётгани вазиятни мураккаблаштирмоқда.
Афғонистон трансчегаравий дарёлар ва кўлларни бошқариш учун асос бўлиб хизмат қилувчи Трансчегаравий сувларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги 1992 йилги конвенциянинг иштирокчиси эмас. Шунингдек, давлат дарёлардан фойдаланишни тартибга солувчи 1992 йилдаги Олмаота шартномасининг бир қисми эмас ва СССР билан 1946 йилда имзоланган шартнома энди амалда эмас.
“Музокаралар учун жой албатта бор, чунки Афғонистон бошқа ҳаётий ресурслар бўйича қўшниларига боғлиқ. Масалан, Ўзбекистон Афғонистонни электр энергияси, Туркманистонни газ билан таъминлайди”, дейилади мақолада.
Нажибулла Садиднинг қайд этишича, Помирдаги музликларнинг тез эриши туфайли Амударёдаги сув ҳажми 2050 йилгача ошади. Бироқ, бу шуни англатадики, у кейинчалик пасайишни бошлайди ва сув ҳақидаги баҳсларни кучайтиради. Кенг ҳудудда ирригация тизимини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга.
“Масалан, Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари суғориш технологияларини такомиллаштириш ва улар устида иш олиб боришлари керак. Агар биз ирригация тизимини модернизация қилмасак, шубҳасиз, минтақада сув бўйича низолар ва келишмовчиликлар кўпаяди”, дейди Садид.
LiveБарчаси