Қўштепа канали қурилишининг иккинчи босқичида 81% иш якунланди
Жамият
−
08:44
4896Қўштепа канали иккинчи босқичининг 81 фоизи ва ушбу канал тўғони қурилишининг 67 фоизи якунланди. Бу ҳақда Афғонистон Миллий тараққиёт компанияси маълум қилди.
Бу катта ирригацион лойиҳа Амударё сувини Афғонистоннинг айрим ҳудудларига олиб ўтиш учун амалга оширилмоқда ва бу Марказий Осиё мамлакатлари орасида хавотирларга сабаб бўлмоқда.
Қобулдаги IRNA мухбирининг хабарига кўра, Афғонистоннинг Миллий тараққиёт компанияси масъуллари бир неча кун аввал расмий баёнот бериб, Қўштепа канали иккинчи босқичидаги ишлар 81 фоизга якунланганини ва каналнинг бош тўғони қурилишида 67 фоиз прогрессга эришилганини маълум қилди.
Баёнотга кўра, канал устида тўртта кўприк қурилиши давом этмоқда ва келгусида Қўштепа канали йўналишида яна бошқа кўприклар ҳам қурилади. Қўштепа канали биринчи босқичи якунлангандан сўнг, унинг иккинчи босқичи Балх вилоятининг Дaвлатобод туманида бошланиб, Фарёб вилоятининг Андхўй туманигача 128 километр узунликдаги ҳудудда жадал амалга оширилмоқда.
Амударё, ёки Жайхун, Марказий Осиёнинг энг сувли дарёси бўлиб, унинг манбаи Помир тоғларидан бошланади. Дарё Афғонистоннинг Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон чегаралари бўйлаб тахминан 1126 километр узунликда оқади. Гарчи дарёнинг асосий оқими Орол денгизига йўналтирилган бўлса-да, сувнинг барчаси йўлдаги қишлоқ хўжалиги каналлари орқали истеъмол қилиб юборилмоқда.
2021 йилда Афғонистонда “Толибон” муваққат ҳукумати иш бошлаганидан сўнг, дарёнинг сезиларли қисмини мамлакат ичкарисига олиб ўтиш мақсадида Балхдан Фарёбгача 300 километр узунликда ва 15 метр кенгликда катта сув канали қуришга қарор қилинди. Улар бу ташаббусни қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш мақсадида 2022 йил апрель ойида Балх вилоятида ишларни бошлаганини ва уни 5 йил ичида якунлашни режалаштираётганини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойи бошида Қўштепа каналида олтита йирик кўприк қурилиши бошланган эди.
LiveБарчаси