Мирзиёев Душанбеда “Қўштепа” канали масаласини кўтарди
Жамият
−
15 Сентябрь 2023
9986Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий музокараларга Афғонистонни ҳам жалб этишни таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 15 сентябрь куни Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) таъсисчилари – Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишида айтиб ўтди.
“Ҳурматли делегациялар раҳбарлари, мен ҳам Қўштепа канали бўйича ўз қарашларим билан ўртоқлашмоқчиман. Моҳият-эътиборига кўра, минтақамизда сувдан фойдаланиш жараёнида бизнинг мамлакатларимиз билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлди. Шу муносабат билан биз Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қиламиз”, деган Ўзбекистон Президенти.
Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Афғонистонда канал қурилиши фаол давом этмоқда ва унинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сув режими ва мувозанатини тубдан ўзгартириши мумкин.
“Қўштепа канали қурилишининг барча жиҳатларини халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда ўрганиш бўйича Қўшма ишчи гуруҳ тузиш зарур”, дея қўшимча қилган Мирзиёев.
Маълумот учун, бугун, 15 сентябрь куни Тожикистон томони раислигида ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, шунингдек, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раисининг биринчи ўринбосари Адилбек Қасималиев ва БМТ Бош котибининг махсус вакили – Марказий Осиё учун превентив дипломати бўйича минтақавий марказ раҳбари Каха Имнадзе ҳам қатнашди.
Тадбир якунида жамғарма таъсисчи давлатлари қуйидаги ҳужжатларни имзолаган:
- Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг Душанбе баёноти;
- Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг Тожикистон Республикасининг ОҚХЖдаги раислиги якунлари тўғрисида қарори;
- Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 2024-2026 йилларга ОҚХЖ президенти этиб сайлангани тўғрисидаги қарори;
- Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг ОҚХЖ ташкилий тузилмаси ва шартнома-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича фаолият тўғрисидаги қарори.
2024-2026 йилларда ОҚХЖга раислик Қозоғистон Республикасига ўтган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь