Ўзбекистоннинг 35 миллиондан ортиқ аҳолисини экологик ҳалокат кутмоқда – Европарламент депутати
Жамият
−
09 Октябрь 2023
49726Германиялик сиёсатчи, Европарламент депутати Виола фон Крамон-Таубадель Европа парламентининг Ташқи ишлар қўмитаси мажлисида Ўзбекистон ва Ееропа Иттифоқи муносабатлари ҳақида нутқ сўзлар экан, мамлакатдаги экологик муаммоларга эътибор қаратди. У ўз нутқидан парчани Х (собиқ Тwitter)даги саҳифасига жойлади.
“Ўзбекистон ўзининг ёш ва меҳнаткаш аҳолиси, табиий ресурслари ва бой тарихи билан Марказий Осиёнинг муваффақият ҳикоясига айланиши учун ҳамма нарсага эга. Бироқ, унинг аҳолиси қийналмоқда, ер ва ресурслари эрозияга учрамоқда”, дейди депутат.
Виола фон Крамоннинг фикрича, Хитой ва Россия каби автократик қўшнилари мамлакатни ўзларининг шахсий ўйин майдончаларига айлантириб олган.
“Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилишига кўз юмиб, у билан савдони оширишга қарор қила олмайди. Албатта, пахта далаларида меҳнат шароити яхшиланмоқда, болалар меҳнати тақиқланди. Аммо ҳали олдинда узоқ йўл бор”, дейди Европарламент депутати.
Унинг айтишича, мамлакатда сув ресурслари нотўғри бошқарилмоқда, шаҳарлар заҳарли чангга ботган ва мамлакат қисман чўлга айланмоқда.
“Агар бу жараёнлар тўхтатилмаса, Ўзбекистоннинг 35 миллиондан ортиқ аҳолисини экологик ҳалокат кутмоқда. Евроиттифоқнинг навбатдаги кенгайиши Ўзбекистонни Иттифоққа анча яқинлаштиради. Унинг халқи Хитой ва Россияга муқобил демократияга лойиқдир. Европа Иттифоқи Марказий Осиёга яқинроқ бўлиши керак. Шунда одамлар ҳаётини яхшилаш ва Ўзбекистоннинг ноёб экотизимини ҳимоя қилиш учун кўпроқ иш қила олади”, дея хулоса қилган Виола фон Крамон.
Европарламент депутатининг бу нутқи Ўзбекистонлик фаолларнинг ҳам эътиборидан четда қолмади. Хусусан, Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазири маслаҳатчиси, собиқ депутат Расул Кушербоев фон Крамонга Ўзбекистонга билдирган алоҳида эътибори учун миннатдорлик билдирган.
“Ўзбекистон парламентининг собиқ аъзоси сифатида мен Европарламент ва Ўзбекистон экология, инсон ҳуқуқлари ва демократлаштириш соҳасида яқин ҳамкорликни ривожлантиришига катта умид қиламан”, деб ёзган Кушербаев Х’даги саҳифасида.
LiveБарчаси