АҚШда Украинадаги вазиятнинг энг ёмон сценарийси айтилди

Олам 14862
image

АҚШнинг Украинадаги можарога ҳаддан зиёд жалб этилиши Россия билан тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувга олиб келиши мумкин. Бу ҳақда америкалик сиёсатшунос Анатоль Ливен “The Atlantic” журнали учун ёзган мақоласида сўз юритган. 

Ливен Украинадаги вазият ривожланишини салбий баҳолаб, Вашингтоннинг Киевга ёрдам бериши АҚШ ва Россия ўртасидаги урушнинг ривожланишига олиб келиши ҳақида огоҳлантирди. 

“Энг ёмон сценарий Украинадаги можаронинг яна бир глобал салиб юришининг бошланишига айланиши бўлади”, дейди муаллиф.

Мутахассис ХХ асрнинг ўрталарида АҚШ ва СССР ўртасидаги геосиёсий тўқнашувларнинг бошлангани ҳақида гапирди. Унга кўра, Вашингтон Москвага қарши туриш истаги туфайли бир нечта инқирозларнинг иштирокчисига айланган. Оқибатда мамлакат кўрган зарарни бартараф эта олмади. Шунинг учун Ливен АҚШни совуқ уруш хатоларини такрорламасликка чақирган.

У ҳозир Вашингтон томонидан Киевга кўрсатилаётган улкан молиявий ва иқтисодий ёрдам ҳамда оғир ва замонавий қурол-яроғ етказиб берилаётганига ишора қилди.

“Жанглар давом этар экан, Вашингтоннинг Украинадаги уруш ҳаракатларидаги иштироки икки буюк давлат ўртасидаги кенг кўламли ва тўғридан-тўғри можарога айланиши мумкин”, дейди Ливен. Бундай вазият Вашингтоннинг миллий манфаатларига зиддир.

Аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден Қўшма Штатларнинг Украинадаги можарога кириш шартини айтган эди. У Вашингтон НАТО ва Россия ўртасида уруш изламаётганини таъкидлаган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Ойнисахон Абдуллаева

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 17
Рейтинг: 3.1
t
×