АҚШ Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини юборяпти
Олам
−
15 Июнь 2022
7562Америка Қўшма Штатлари Украинага қиймати 1 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини юборади. Бу ҳақда бугун, 15 июнь куни АҚШ Президенти Жо Байден Украина етакчиси Владимир Зеленский билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида маълум қилди. Суҳбат тафсилотлари Оқ уй сайтида келтирилган.
“Бу қўшимча артиллерия қисмлари ва қирғоқни ҳимоя қилиш воситалари, шунингдек, украиналикларнинг Донбассдаги мудофаа операцияларида зарур бўлган артиллерия ҳамда илғор ракета тизимлари учун ўқ-дориларни ўз ичига олади”, дейди у.
Қайд этилишича, бундан ташқари, Вашингтон Киевга ичимлик суви, дори-дармон, озиқ-овқат ва бошқа гуманитар эҳтиёжлар учун 225 миллион доллар ажратади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 июнь куни АҚШ элчиси расмий Вашингтон ажратган қарийб 40 млрд долларлик ёрдамдан 1 млрд доллари аллақачон Украинага етказилганини айтган эди. Кейинроқ, АҚШнинг Киевдаги элчиси Брижит Бринк Украинага яна 7,5 миллиард долларлик ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.
Май ойида АҚШ Президенти Жо Байден Украинага қўшимча 40 миллиард долларлик қўшимча ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунни имзолади.Ушбу маблағнинг тахминан 20 миллиард доллари тўғридан-тўғри ҳарбий ёрдамга йўналтирилиши кутилмоқда.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15