АҚШ Украинага яна $300 млн ҳарбий ёрдам беради
Олам
−
02 Апрель 2022
6250АҚШ ҳукумати Украинага қўшимча 300 миллион доллар ҳарбий ёрдам беради. Бу ҳақда Пентагон Матбуот котиби Жон Кирби маълум қилди.
“Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси доирасида Пентагон Украинанинг ўзини ҳимоя қилиш қобилиятини кучайтириш учун хавфсизлик бўйича 300 миллион долларгача ёрдам беради”, дейилади Кирбининг ёзма баёнотида.
Унинг сўзларига кўра, умуман олганда, амалдаги маъмурият даврида (ўтган йилнинг январь ойидан бери) АҚШ расмийлари Киевга 2,3 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам ажратган, бу маблағнинг 1,6 миллиард доллари Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан кейин ажратилган.
Пентагон вакилининг аниқлик киритишича, янги пакет, хусусан, лазер билан бошқариладиган ракета тизимлари, Switchblade снарядлари, Puma дронлари, дронларга қарши тизимлар, зирҳли транспорт воситалари, пулемётлар, ўқ-дорилар, тунги кўриш тизимлари ва алоқа воситаларини ўз ичига олади.
Кирбининг тушунтиришича, Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси доирасида ёрдам ажратиш Пентагон захираларидан у ёки бу асбоб-ускуналар ва воситаларни тақдим этишни англатмайди, балки ишлаб чиқарувчилар билан тегишли шартномалар тузишни назарда тутади.
“Ушбу эълон Украина Қуролли кучларини янги воситалар билан таъминлаш бўйича шартномалар тузиш жараёнининг бошланишини англатади”, дейилади баёнотда.
Аввалроқ, АҚШ ҳукумати Украинага 800 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини жўнатишни бошлагани ҳақида хабар бергандик.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси