АҚШ Украинадаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилади – ОАВ
Олам
−
22 Январь 2022
5803АҚШнинг Киевдаги элчихонаси Давлат департаментидан барча зарур бўлмаган ходимлар ва уларнинг оилаларини кетишига рухсат беришни сўради, Вашингтон эвакуацияни келаси ҳафтадан бошлаши мумкин. Бу ҳақда CNN манбаларга таяниб хабар берган.
“АҚШнинг Киевдаги элчихонаси бугун Давлат департаментидан зарур бўлмаган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига элчихонани тарк этишига рухсат беришни сўради. АҚШ “эҳтимол кейинги ҳафтада Украинадан эвакуацияни бошлаши” ҳақида маълум қилди”, деб ёзилган хабарда.
Украина ҳукуматига яқин манбанинг хабар беришича, Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан ушбу масалани муҳокама қилган ва унга эвакуация “ортиқча реакция” бўлишини айтган.
Аввалроқ, Россия Украинадан дипломатларини эвакуация қилмоқчилиги ҳақида хабар тарқалганди.
Россия Ғарбда Украинага нисбатан ўзига хос тажовузкор режаларни инкор этмоқда. Бироқ унинг НАТОга қўшилиш имкониятини “қизил чизиқлар”дан ташқарига чиқиш деб билади ҳамда Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларидан бундай бўлмаслиги учун кафолат талаб қилмоқда.
Ўтган ҳафтада Россия Ғарб давлатлари билан Украина атрофидаги вазият ва Европа хавфсизлиги бўйича учта музокара ўтказди. Женева, Брюссель ва Венадаги учрашувлар томонларнинг НАТОни кенгайтириш масаласига ёндашувларидаги фарқни тасдиқлади ва алоқаларни давом эттириш бўйича келишувларсиз якунланди.
Маълумот ўрнида, АҚШ Россиянинг Украинага “босқини” жорий йил январь-февраль ойларининг ўрталарида бошланиши мумкинлигини маълум қилди.
Бунга жавобан Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси Оқ уйнинг Украинага босқин уюштириш вақти ҳақидаги баёнотини сохта ва ахборот босими дея атаган.
“Conflict Intelligence Team” (CIT) эса Россия “Искандар” ракеталар мажмуасини ва яна бошқа оғир техникаларни ғарбий чегаралари томон ташиётганини маълум қилди. Унга кўра, ракеталар комплекси ва зирҳли артиллерия ортилган поездлар мамлакат Шарқий ҳарбий округидан ғарбга томон ҳаракатланган.
Шу ўринда, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили ҳам Британия Украинага қурол юбораётганини, аллақачон олтита рейс келганини айтди.
Бундан ташқари, Канада ҳам махсус топшириқлар бўлинмасининг кичик контингентини НАТО ҳарбий альянси ва Россия ўртасидаги зиддият кучайган бир пайтда Украинага жойлаштирди. Шунингдек, Буюк Британия Қуролли Кучларининг махсус операциялар учун ташкил этилган элита ҳарбий бўлинмасининг 30 нафар жангчисини Украинага юборди.
LiveБарчаси