АҚШ СССРда ишлаб чиқарилган танкларни Украинага олиб бермоқчи – ОАВ
Олам
−
02 Апрель 2022
12573Вашингтон ва унинг иттифоқчилари Украинага Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган танкларни олиб ўтишга кўмаклашиш ниятида. Бу ҳақда “The New York Times” газетаси ўзини ошкор этмаган АҚШ расмийсига таяниб хабар берган.
Вакилнинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг илтимосига жавобан воситачи бўлишга қарор қилган. Қайд этилишича, тез орада воситачилик жараёни бошланиши керак. Бироқ газета суҳбатдоши қанча танк бўлиши ва улар қайси давлатлардан келишини айтишдан бош тортган.
Вакилнинг айтишича, танклар Украинага “Донбассдаги Россия нишонларига узоқ масофадан артиллерия зарбаларини бериш” имконини яратади.
Нашрнинг ёзишича, агар бу содир бўлса, АҚШ биринчи марта танкларни олиб беришда иштирок этган бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Украина АҚШ расмийларидан ҳар куни 500 та Stinger зенит ракеталари ва танкга қарши Javelin ракета комплексларини етказиб беришни сўраган эди.
Кейинчалик, АҚШ Мудофаа вазирлиги Stinger зенит-ракета мажмуалари ва Javelin танкга қарши ракета мажмуаларини ишлаб чиқаришни тезлаштиришни режалаштираётгани айтилди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь