АҚШ Россия билан яқинлашгани учун Туркияни жазолаши мумкин
Олам
−
18 Август 2022
7896Оқ уй АҚШ компанияларига Анқара ва Москва “расмий иқтисодий ҳамкорлик”га киришса, Туркия билан бизнесни қисқартиришни тавсия қилиши мумкин. Бу ҳақда “Politico” газетаси кеча, 17 август куни АҚШ маъмуриятидаги манбага таяниб, хабар берди.
“Биз Туркия бизнес ва капитал учун глобал тортишиш маркази бўлиши керак деб ўйлаймиз, аммо Россия билан яқин муносабатлар Туркиянинг дунё билан интеграциялашуви учун реал хавфларни келтириб чиқаради”, дейди манба. Унинг сўзларига кўра, Туркия ва Россия ўртасида янада яқинлашув кузатилса, Анқарага тўловларни долларда амалга ошириш тақиқланиши мумкин.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Россия етакчиси Владимир Путин 5 август куни Сочида музокара ўтказди. Эрдўғаннинг сўзларига кўра, ўзаро савдода миллий валютага ўтиш ва товар айирбошлашни 100 млрд долларга етказиш ҳақида қарор қабул қилинган. Россия Бош вазири ўринбосари Александр Новак, турк томони ҳам Россия гази учун тўловни қисман рублда амалга оширишга розилигини билдирди.
Аввалроқ АҚШ Россия билан қуролланиш соҳасида ҳамкорлик қилгани учун Туркияга қарши санкциялар жорий қилган эди. Туркия Россияда ишлаб чиқарилган С-400 зенит-ракета комплексларини сотиб олган. Шу муносабат билан АҚШ Туркияни F-35 қирувчи самолётларини ишлаб чиқариш дастуридан чиқариб юборди.
Қайд этиш керакки, Россия Украинага бостириб кириши ортидан, Европа Иттифоқи ва НАТО давлатлари Москвага қарши санкциялар киритди. Аммо Туркия уларнинг ҳеч бирига қўшилмади.
LiveБарчаси