АҚШнинг Туркиядаги ваколатхоналари вақтинчалик ёпилди
Олам
−
25 Апрель 2021
6005АҚШнинг Туркиядаги элихона ва консулхонаси Президент Жо Байден Усмонли империяси даврида арман геноциди уюштирилганини расман тан олганидан сўнг эҳтимолий норозиликлар сабаб фаолиятини вақтинча тўхтатди.
Туркиядаги Америка дипломатик ваколатхоналари эҳтиёт чораси сифатида 26-27 апрель кунлари ишламайди.
“АҚШнинг Анқарадаги элчихонаси, Истанбулдаги Бош консулхонаси, Адандаги консулхонаси ва Измирдаги консуллик агентлиги душанба, 26 апрель ва сешанба, 27 апрель кунлари Қўшма Штатлар фуқароларига виза бериш ва бошқа хизматлар учун ёпиқ бўлади”, дейилган хабарда.
Агарда америкаликларга юқорида саналган идораларнинг хизмати фавқулодда муҳим бўлса, улар энг яқин консуллик бўлимига мурожаат қилиши керак бўлади. Шунингдек, АҚШ ваколатхоналари атрофида юрмаслик, америкаликлар ва бошқа хорижликлар тўпланадиган жойларда эҳтиёт чораларига амал қилиш тавсия қилинган.
Аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден XX аср бошида Усмонли империясида юз берган хунрезликни арман геноциди деб тан олгани хабар қилинганди.
Кейинроқ Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли расмий Анқара бу баёнотни рад этишини маълум қилди. Американинг Туркиядаги элчиси ТИВга чақиртирилиб, унга норозилик билдирилди.
LiveБарчаси