Исроиллик режиссёрларнинг Ғазо ҳақидаги фильми Венеция фестивалида 25 дақиқа олқишланди
Олам
−
10:18 2360 3 дақиқа
Исроиллик режиссёрлар Юваль Абраҳам ва Рейчел Сор томонидан суратга олинган “NAZA” ҳужжатли фильми Венеция халқаро кинофестивалида намойиш этилганидан сўнг 25 дақиқа давомида олқишларга сазовор бўлди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Қайд этилишича, фильм Исроил армиясининг Ғазодаги фаластинликларни нишонга олишда сунъий интеллект асосидаги тизимлардан фойдаланишига бағишланган.
80 дақиқалик фильм қарийб уч йил давомида олиб борилган журналистик текширув натижасида яратилган. Унда Исроил ҳарбийлари ва разведка ходимларининг гувоҳликлари келтирилган бўлиб, улар шахси ошкор этилмаслиги шарти билан интервью берган.
Суҳбатдошларнинг овози ва юзи рақамли технологиялар ёрдамида ўзгартирилган. Интервьюлар Тель-Авивдаги бинолар томида тунги вақтда тасвирга олинган.
“Биз аскарлар ва офицерларга ўзлари қилган ишлар ҳақида гапириш имконини беряпмиз. Мақсадимиз жуда оддий эди – Ғазодаги одам ўлдириш тизимлари қандай кўринишда бўлгани ва қандай ишлаганини имкон қадар батафсил эшитишни истадик”, деган Юваль Абраҳам.
Фильм номи Исроил разведкасида қўлланадиган эвфемизмдан олинган бўлиб, муайян ҳаво зарбаси натижасида ҳалок бўлиши кутилаётган тинч аҳоли сонини англатади.
Фильмда интервью берган ҳарбийлар Ғазодаги телефон қўнғироқлари, одамларнинг ҳаракати ва бошқа алоқаларини кузатиб борувчи тизимлардан фойдаланилганини айтган. Улар орасида “Lavender” деб номланган сунъий интеллект ёрдамидаги тизим ҳам тилга олинади. У Ғазодаги кузатув остида бўлган телекоммуникация тармоғидан олинган маълумотлар асосида ўлдирилиши керак бўлган нишонларни аниқлашда қўлланган.
Фильмдаги интервьюлардан бирида бу жараён “фабрика каби оммавий миқёсда” амалга оширилгани айтилса, бошқа бир суҳбатдош нишонларни аниқлаш жараёнини “видео ўйинга” қиёслаган. Айрим ҳарбийлар тинч аҳоли уйларининг вайрон қилиниши, халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига риоя этилмаслиги ва фаластинликларга нисбатан нафрат муҳити шакллангани ҳақида ҳам гапирган.
Фильм муаллифлари “+972 Magazine” нашрида биргаликда эълон қилган мақоласида Ғазодаги тинч аҳолининг ўлими “фожиали қўшимча зарар” эмас, балки олдиндан режалаштирилган ва ҳисоб-китоб қилинган ҳаракат бўлгани ҳақида хулоса қилинганини ёзган. Абраҳам фильм Ғарб давлатларини Исроилга бўлган қўллаб-қувватлашини қайта кўриб чиқишга ва унга нисбатан санкциялар орқали босим ўтказишга ундайди, деб умид билдирган.
Маълум қилинишича, “NAZA” фильми Буюк Британиядаги “The Guardian” нашри билан ҳамкорликда Жим Уилсон томонидан ишлаб чиқарилган. Ижрочи продюсерлардан бири 2024 йилда “The Zone of Interest” фильми билан “Оскар”ни қўлга киритган Жонатан Глейзер бўлган.
Фильм Венеция кинофестивалидаги танловда иштирок этаётган ягона ҳужжатли картина ҳисобланади. Фестивал 12 сентябрь куни якунланади.
Маълумот ўрнида, режиссёрлар Юваль Абраҳам ва Рейчел Сор 2025 йилда фаластинлик режиссёрлар Базел Адра ва Ҳамдан Баллал билан биргаликда суратга олган “No Other Land” ҳужжатли фильми учун “Оскар” мукофотига сазовор бўлган.
Live
Барчаси