АҚШ Польшага жанговар вертолётлар етказиб беряпти
Олам
−
22 Август 2023
3551АҚШ Мудофаа вазирлиги Польшага 12 миллиард долларга Apache типидаги ҳужум вертолётларини сотишни маъқуллади. Бу ҳақда Пентагон маълум қилди.
Пентагон ҳузуридаги Мудофаа ҳамкорлиги ва хавфсизлик агентлигининг баёнотига кўра, келишув 96 та вертолёт ва зарур жиҳозларни ўз ичига олади.
Айтилишича, Польша учун кутилаётган қурол-яроғ келишуви АҚШнинг НАТО бўйича ушбу иттифоқчиси хавфсизлигини ҳамда ҳозирги ва келажакдаги таҳдидларга қарши туриш қобилиятини оширади.
Расмий Варшава ҳам мазкур келишувни тасдиқлади. Польша Мудофаа вазири Мариуш Блашакнинг айтишича, Қўшма Штатлар Польшага 96 та шундай машина етказиб берилгунга қадар ўз захираларидаги Apache вертолётлари билан таъминлайди.
“Мудофаа вазири Ллойд Остин билан келишувларимга кўра, жараёнлар якунланиб, сотиб олинган вертолётлар Польшага етказилгунига қадар АҚШ армияси бизни ўз захирасидаги Apache вертолётлари билан таъминлайди”, деб ёзган вазир X’даги саҳифасида.
Маълумот учун, Boeing компаниясининг Apache вертолётлари 1980 йиллардан бери ишлатилиб келинмоқда ва ҳозирда АҚШ армиясининг асосий ҳужум вертолётлари ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Польша Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган биринчи K239 Chunmoo ракета тизимини қабул қилган эди. Унинг қўшниси Беларусь эса Россиядан Ми-35 жанговар вертолётларинининг биринчи партиясини олган, йил охиригача яна тўртта шундай вертолёт олиши маълум қилинган. Бундан ташқари, Россия Беларусга С-400 зенит-ракета комплексларини етказиб берган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь