Россия Беларусга С-400 зенит-ракета комплексларини етказиб берди
Олам
−
29 Май 2023
9329Россия Беларусга яна С-400 зенит-ракета комплексларини етказиб берди. Бу ҳақда бугун, 28 май куни Беларусь Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Беларусь Республикасига С-400 зенит-ракета мажмуасининг навбатдаги комплекси етиб келди. Яқин кунларда комплекс жанговар вазифани бажаради. Беларусь зенит-ракетачилари Россия полигонларида жанговар фойдаланиш бўйича тўлиқ ўқув курсини тамомлади”, дейилади хабарда.
Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, Беларусь минтақавий кучлар гуруҳининг жанговар салоҳиятини ошириш, жумладан, қуролли кучларнинг бирликлари ва ҳарбий қисмларини янги замонавий қуроллар билан жиҳозлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда давом этмоқда.
“С-400 зенит-ракета мажмуасини етказиб бериш Беларусь Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик доирасида амалга оширилди. Ҳарбий хизматчилар ўз билим ва кўникмаларини Беларусь ва бутун Иттифоқ давлатининг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш учун амалда қўллашга тайёр”, дейилади Беларусь Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Бундан ташқари, Беларусь Ҳарбий-ҳаво кучлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари қўмондони полковник Андрей Лукянович С-400 комплекси мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун “жиддий далил” эканини айтган.
“Бугунги кунда бу энг замонавий зенит-ракета мажмуаси бўлиб, у ҳаво нишонларининг бутун спектрини – ҳаво ҳужуми қуролларини, шу жумладан, баллистик траекториялар бўйича учадиган, 400 км гача масофадаги нишонларни уриб тушириш имкониятига эга”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 март куни Россия Президенти Владимир Путин беларуслик мавқедоши Александр Лукашенконинг илтимосига кўра, Россиянинг тактик ядро қуроллари Беларусга жойлаштирилишини маълум қилганди. Россия давлати раҳбарининг сўзларига кўра, 1 июлда Беларусь ҳудудида тактик ядровий қуролларни сақлаш омбори қурилишини якунлаш режалаштирилган. Москва Минскка ядровий қурол ташувчиси бўлиши мумкин бўлган “Искандер” ракета тизимини аллақачон топширган ва Беларусь самолётларини махсус ўқ-дорилардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиш учун қайта жиҳозлашда ёрдам берган. Беларусь ҳарбий хизматчилари Россия Федерациясида тегишли тайёргарликдан ўтган. 25 май куни эса Россия ва Беларусь Мудофаа вазирлари Сергей Шойгу ва Виктор Хренин Минскда Россия ядро қуролини Беларусь ҳудудидаги махсус омборда сақлаш тартибини белгиловчи ҳужжатларни имзолади. Шундан сўнг Америка Қўшма Штатлари Давлат департаменти мазкур келишувни кескин қоралаб, бу Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришидан кейинги масъулиятсиз хатти-ҳаракатларининг яна бири эканини таъкидлади.
LiveБарчаси